Жиззахда олдинги жиноятининг жазоси тугамаган шахс одам ўлдирди
3-саҳифа
−
01 Август 2022
9912Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги чойхоналарнинг бирида икки йигит ўртасида юз берган жанжал оқибатида улардан бири тан жароҳати олиб, вафот этди. Бу ҳақда вилоят ИИБ Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 24 июль куни соат 16:00 ларда туманнинг Алишер Навоий маҳалласида жойлашган чойхонада икки хўранда ўртасида низо келиб чиққан. Жанжалда Арнасой тумани Бўстон маҳалласида яшовчи фуқароси маст ҳолатда Наврўз маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаронинг юзига бир марта уриб, тан жароҳати етказган.
Оқибатда жабрланувчи туман тиббиёт бирлашмасида кўрсатилган муолажага қарамай вафот этган. Марҳумнинг ўлимига бош мия жароҳати, бош мияга қон қуйилиши сабаб бўлган.
Мазкур жиноятда гумонланувчи Самарқанд вилояти ҳудудида қўлга олинган. Ҳолат юзасидан Жиззах ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан жиноят иши очилган.
Қайд этилишича, гумонланувчи 2019 йилда транспорт воситасини олиб қочгани учун суд ҳукми билан 5 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган. Жорий йилнинг 25 май куни суд қарори билан жазонинг қолган қисми аҳлоқ тузатиш жазосига алмаштирилган.