Жиззахда эр Telegram’даги ёзишмалари сабаб турмуш ўртоғини ўлдирди

3-саҳифа

image

Жиззах вилояти Дўстлик туманида мактаб директори лавозимида ишловчи фуқаро ижтимоий тармоқдаги ёзишмалари туфайли турмуш ўртоғининг жонига қасд қилди. Бу ҳақда Жиззах вилояти прокуратураси хабар берди.

Тумандаги умумтаълим мактабида директор ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган 35 ёшли Ҳ.М. жорий йилнинг 31 март куни соат тонгги 4:30 ларда вақтинчалик ижарада яшаб келаётган хонадонида турмуш ўртоғининг жонига қасд қилган.

Қотилликка Ҳ.М. турмуш ўртоғи М.М.нинг Telegram’даги ёзишмаларини ўқиб қолиши ва ўрталарида келиб чиққан жанжал сабаб бўлган.

Жанжал оқибатида Ҳ.М. яшаш хонадони меҳмонхонасида ўткир тиғли ошхона пичоғи билан М.М.нинг чап бўйин соҳасига икки маротаба уриб тан жароҳати етказган.

Ҳолат юзасидан тайинланган суд-тиббий экспертизасининг бирламчи хулосасига кўра, М.М.нинг ўлимига “бўйин соҳасида санчилиб-кесилган тан жароҳатидан кўп қон кетиши” сабаб бўлгани кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Дўстлик туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, жиноят ишининг олиб борилиши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

қотиллик Жиззах

Баҳолаганлар

898

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг