Жиззахда браконьерлар қўлга олинди
Жамият
−
01 Июнь 2019
6456Айдар-Арнасой кўллар тизимида ноқонуний балиқ ови билан шуғулланган бир гуруҳ шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси Матбуот хизмати хабар берди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Айдар-Арнасой кўллар тизими ресурсларидан фойдаланиш соҳасида иқтисодий ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўлимига фуқаро Ғ.Х. ариза билан мурожаат қилган. Мурожаатда Жиззах вилояти Зафаробод туманида бир гуруҳ шахслар қонунчилик талабларини бузган ҳолда Айдар-Арнасой кўллар тизимидан ноқонуний равишда балиқ овлаш ва сотиш билан шуғулланаётганлигини билдириб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ушбу ҳолат бўйича жори йилнинг 5 майида ўтказилган тезкор тадбирда Зафаробод тумани, “Лолазор” ҚФЙ, Тошлоқ кўчасида яшовчи фуқаро А.Н. ўзига тегишли бўлган ҳамда Х.Н. ва М.Д. билан биргаликда балиқчилик турларини ушлаш қоидалари ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудуддаги ҳайвонот оламидан фойдаланиш тартибини бузиб тутилган 40 кг балиқ маҳсулотларини фуқаро Ғ.Ҳ.га ҳар бир килограммини 8 минг сўмдан, жами 320,0 минг сўмга сотаётган вақтида ушланиб, ундан 40 кг балиқ маҳсулотлари ашёвий далил тариқасида олинган.
Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан берилган хулосада фуқаро А.Н.нинг яшаш уйидан олинган 45 бош “Тостолоб”, 41 бош “Сазан” ва 6 бош “Карас” жами 92 бош балиқлар тақиқланган даврда ва тақиқланган жойларда тутилганлиги қайд этилиб, ҳайвонот дунёсига етказилган зарар 53 млн 845 минг 88 сўмни ташкил этган.
Шунингдек, Х.Н. ва бошқалар содир этилган жиноий қилмишдан қутилиб қолиш мақсадида Зафаробод туманидаги “У.Б.” фермер хўжалиги раҳбари К.А.дан фермер хўжалигининг штамп ва муҳри босилган бўш юк хатини олиб, юк хатига тутилган балиқ маҳсулотлари “У.Б.” фермер хўжалигига қарашли сунъий ҳавзадан тутилганлиги ҳақида сохта маълумотлар киритиб, терговга қадар текшириш даврида тақдим қилган.
Юқоридаги ҳолат юзасидан фуқаро А.Н., Х.Н., М.Д. ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Айдар-Арнасой кўллар тизимини ривожлантириш соҳасида қонунчилик устидан назорат бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментда “Айдар-Арнасой кўллар тизими ресурсларидан фойдаланиш соҳасида иқтисодий ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўлими” май ойи бошида ташкил этилганди.
LiveБарчаси