Жиззахда бешикда ётган чақалоғини ўлдирган ота 5 йилга қамалди
3-саҳифа
−
04 Январь 2021
16491Жиззах вилоятининг Зомин туманида икки ойлик чақалоғини ўлдирган отага суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, воқеага эркакнинг шаръий никоҳдаги хотини билан жанжаллашиши сабаб бўлган. 2020 йилнинг сентябрь ойида аёл эрининг собиқ турмуш ўртоғи билан телефон орқали гаплашаётганидан хабар топгач, дарғазаб бўлиб, чойнак билан хотиннинг бошига урган.
Шунингдек, 2020 йилнинг 9 октябрь куни соат 23:00 да эр-хотиннинг бешикда ётган чақалоғи йиғлай бошлаган. Эр аёлнинг гўдакни эплай олмаётганидан жаҳли чиқиб, қизини ўзи ухлатмоқчи бўлган. Ота бешикдаги ёстиқни олиб, аёлининг юзига бир неча марта урган. Бу жараёнда гўдакнинг боши бешик қиррасига урилган. Шунингдек, болага бошқа жароҳатлар ҳам етказилган.
Аёл 10 октябрь куни эрталаб ички ишлар бўлимига мурожаат қилган. Қайд этилишича, 2020 йил 17 августда туғилган чақалоқ шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Кўрсатилган муолажаларга қарамай, гўдак вафот этган.
Суд тиббий экспертизаси боланинг ўлимига бош мия ёпиқ жароҳатланиши, энса суягининг битишмаларидан ичкарига қараб синиши, мия тўқимаси эзилиши, мия тўқимасига, бош мия бўшлиқларига қон қуйилиши ҳамда кўкрак қафаси орқа юзаси, иккала сон соҳасига кўплаб қонталашлар сабаб бўлганлигини қайд этган.
Суд ушбу жиноят билан боғлиқ ҳолатларни инобатга олиб, айбдорга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.
LiveБарчаси