Жиноят қилган одамнинг динга бўлган муносабатини олдинги саҳнага олиб чиқмаслик керак – Мусулмонлар идораси

Жамият 4532
image

Аввалроқ, Навоийда Қурони Карим китоби ичига гиёҳванд моддани яшириб, сотмоқчи бўлган шахс ушлангани ҳақида хабар берилганди. Манбада қўлга тушган шахс мулла экани айтилганди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси шу асосда тарқатилган имом-хатиб, мулла қўлга олинди каби хабарларга муносабат билдирди.

Қайд этилишича, идора ушбу ҳолатни тезкорлик билан ўрганиб, қўлга олинган шахс Диний идора тизимида мутлақо ишламаслиги тўғрисида тегишли оммавий ахборот воситалари ва интернет манбалари масъулларига хабар берган. Шундан кейин “имом-хатиб”, “мулла” сўзлари “шахс”, деб қайта таҳрир қилинган.

Таъкидланишича, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда айрим нохушликларни муборак Ислом дини, масжид ёки имом-домлаларга боғлаш ҳолатлари кузатилмоқда, бу иш гуноҳ ҳисобланади.

“Жиноят қилган одамнинг ҳар қандай ҳолатда ҳам динга бўлган муносабатини олдинги саҳнага олиб чиқилмаслик керак. Бу одам жиноят қилган бўлса, қонуний жазосини олди. Бироқ ҳар қандай имкониятдан фойдаланиш илинжида масжид ё имомни ёмонотлиқ қилишга уриниш оғир гуноҳ. Ҳар бир ижодкор мазкур мавзуларда сўз юритар экан, тасаввурида Аллоҳ таоло ва Унинг Расули, Ислом дини қадр-қиммати пайдо бўлса, сўз айтиш масъулиятини янада теранроқ англайди.

Ўз навбатида қатъий таъкидлаймизки, гиёҳванд моддаларни сотиш, етказиб бериш билан шуғулланаётган ёки истеъмол қилаётганлар кўзларини очсинлар. Аввало Аллоҳ таоло олдида жавоб беришини унутмасин. Беш кунлик ҳаётда арзимаган сариқ чақага учиб, ҳаром йўл билан пул топиб, гуноҳ ишларни қилиб охиратдаги абадий роҳатдан бенасиб қолишдан эҳтиёт бўлсин. Ёмон иш жазосиз қолмайди, эртага, албатта, қонун олдида жавоб беради. Ундай инсонлар ҳаётда зор, охиратда эса хор бўлади”, дейилади идора баёнотида.

Мусулмонлар идораси, ОАВ вакиллари, журналистлар, сайт мухбирлари, ижтимоий тармоқлар юритувчилари ва блогерларни муборак Ислом дини, Диний идора, масжидлар, уламолар ва имом-домлалар билан боғлиқ бўлган ҳар қандай хабарларни ёритишда яқиндан ҳамкорлик қилишга чақирган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 124
Рейтинг: 3
t
×