Жингалак “сочли” шер тармоқни “портлатди” (видео)
Бу қизиқ
−
29 Октябрь 36040 2 дақиқа
Кенияда жойлашган Масаи-Мара миллий қўриқхонасининг ёввойи табиат фотосуратчиси Камбиз Камео Пургханад томонидан олинган жингалак ёлли ноёб шернинг сурати интернетда кенг тарқалди ва миллионлаб фойдаланувчиларнинг эътиборини тортди.
Асосан эркак шерларда ёлларнинг ранги ва тузилиши бир-биридан сезиларли даражада фарқ қилади. Бироқ бу сафар тасвирланган шернинг табиий жингалак ёлли қиёфаси ўзига хослиги билан кўплаб ижтимоий тармоқларда муҳокама марказига айланди.
Тасвирдаги шернинг исми Нзури M6 бўлиб, у Олеполоснинг ўғли ва илгари Топи-Приде (Топи тўдаси) таркибида бўлган. Ҳозир эса Нзури еттита эркак шернинг янги гуруҳига мансуб бўлиб, улар илгари тўдадан ажралиб чиққан.
“Шуни ёдда тутинг, Нзури ҳозирда Масаи-Марадаги энг чиройли шерлардан бири ва у Африкадаги Бон Жови, Мойей ва Блондилар қаторида ўз ўрнини эгаллайди”, дейди фотограф ўз постида.
Ёввойи табиатнинг бундай ажойиб манзаралари одатда ўз ишига садоқатли ва сабрли табиат фотографлари орқали оммага етиб боради.
Қайд этилишича, фотосурат муаллифи касби бўйича учувчи, аммо юраги билан табиат фотографи бўлган Камбиз Камео бу кадрни Масаи-Мара қўриқхонасида тасвирга олган. Унга кўра, бу лаҳза “табиатдаги энг кам учрайдиган гўзалликлардан бири” бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ёввойи табиат суратларига ҳазиломуз кайфиятни олиб кирувчи Nikon Comedy Wildlife Awards 2025 танлови ташкилотчилари финалга чиққан иштирокчиларнинг номларини эълон қилган эди.
Моҳичеҳра Қадамова