ЖИДУда янги магистратура йўналиши очилди
Спорт
−
03 Май 2019
5144Ўзбекистон Республикаси Президенти илгари сурган 5 та ташаббусда мамлакат ёшлари орасида спортни ривожлантириш, уларни жисмонан соғлом ва фаол бўлишларини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш масаларига алоҳида урғу берилган. Бугун ушбу ташаббус ижроси доирасида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ), Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди. Бу ҳақда МОҚ Матбуот хизмати хабар тарқатди.
Ушбу ҳамкорликка асосан ЖИДУда спорт бошқаруви кадрларини тайёрлаш, турли Миллий ва Халқаро спорт федерациялари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатиш, шунингдек, ЖИДУ магистратурасида “Спорт хуқуқи” кафедрасини ташкил этиш режалаштирилган.
“Биз профессионал спортимизни янада ривожлантириш учун спорт бошқаруви соҳасида ҳам жаҳоннинг етакчи мамлакатлари қаторига кириб боришимиз керак. Келажакда университет билан ҳамкорликни янада ривожлантириб, малакали кадрларни тайёрлаш бўйича иш олиб борамиз. Бунинг учун университетнинг иқтидорли талабаларини йирик халқаро мусобақаларда делегациямиз билан биргаликда фаолият олиб бориши каби кенг имкониятлар яратиб берамиз. Спорт ҳуқуқи ва бошқаруви бўйича мутахассис кадрлар юртимиз спортини янги босқичга олиб чиқишда муҳим ўрин тутади”, деди Умид Аҳмаджонов.
Шундан сўнг, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети биринчи проректори Матёкуб Бақоев ва Миллий олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов “Спортда бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича ҳамкорлик тўғрисида”ги меморандумни имзолашди.
Мазкур меморундум талабалар ўртасида спортни янада оммалаштириш, уларни соғлом турмуш тарзига жалб қилишда муҳим аҳамиятга эга. Тадбирни университет раҳбарияти, МОҚ, ЎФА мутасаддилари, спортимиз фахрийлари, Абдулло Тангриев, Муроджон Аҳмадалиев, Баҳодир Жалолов, Шоҳжаҳон Эргашев, Ирода Тўлаганова каби ўзбек спорти юлдузлари, талабалар ҳамда Оммавий ахборот воситалари ходимлари катта қизиқиш билан кузатиб боришди.
Маълумот учун, Ўзбекистон 2030 йилги Осиё ўйинларига мезбонлик қилишни режалаштирмоқда. Бугун имзоланган меморандум бўлажак йирик комплекс мусобақага муносиб тайёгарлик кўриш йўлида ҳар томонлама илғор кадрларни етиштириб бериши билан янада аҳамиятлидир.