Жиддий хатар! Афғонистонга яна террорчилар йиғилаётгани айтилди
Олам
−
11 Декабрь 2021
25410“Ал-Қоида” террорчилик ташкилотининг Афғонистондаги жангарилари сони август ойининг охирида америкаликлар ўз қўшинларини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетганидан кейин кўпайган бўлиши мумкин. Бу ҳақда АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги (СЕНТКОМ) раҳбари генерал Кеннет Маккензи маълум қилди.
“Менимча, [Афғонистонда] уларнинг сони бироз кўпайган. У ерда [“Ал-Қоида”] бор. Биз бу можаронинг охирига келиб (АҚШнинг ушбу мамлакатдаги ҳарбий операцияси тугаши) уларнинг сони сезиларли даражада камайди, деб ҳисоблагандик. Менимча, баъзи одамлар қайтган. Аммо бу биз кузатадиган “мавзулар”дан биттаси. Ҳозир мен сизга [уларнинг] сонини аниқ айтолмайман”, деган Маккензи.
Генералнинг қўшимча қилишича, Афғонистон чегарасида ишончли хавфсизликнинг йўқлиги “Ал-Қоида” жангариларининг мамлакатга қайтишига имкон беради.
“Биз “Толибон”нинг Ал-Қоидага нисбатан кескин позиция эгаллашини истардик. Менимча, “Толибон” ичида [уларнинг] кейинги қадамлари борасида келишмовчиликлар бор. Шу сабабдан биз ҳозирча “Толибон” уларга нисбатан қандай муносабатда бўлишини аниқлашга ҳаракат қиляпмиз. Менимча, яқин бир неча ой ичида бу янада ойдинлашади”, деган Маккензи.
АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги раҳбари, шунингдек, Америка қўшинлари Афғонистондан олиб чиқилиши билан ИШИД террорчилик гуруҳи ҳам фаоллашганини таъкидлаб ўтди.
“Биз ИШИДнинг кучайишини кутишимиз керак. Агар бу содир бўлмаса, жуда ажабланарли бўларди. Кўрамиз, “Толибон” уларга қарши қандай самарали чоралар кўра олади”, деган генерал.
Генералнинг сўзларига кўра, “Толибон” ва ИШИД жангарилари бир-бирига душманлик муносабатида, аммо унинг фикрича, толиблар учун энг катта муаммо ҳамон “Ал-Қоида”.
Маълумот учун, АҚШнинг Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий операцияси Президент Жо Байден даврига келиб якунланди. АҚШ қўшинлари жорий йилнинг 31 август куни мамлакатни тарк этди. Бунга қадар Европанинг бошқа давлатлари, жумладан Британия ва Германия ҳам мамлакатни тарк этди. Ушбу жараён якунланмасидан “Толибон” ҳаракати пойтахт Қобулни эгаллаб, жорий йилнинг 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатди. 19 август кунига келиб толиблар Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.
LiveБарчаси