Жидда музокаралари: Россия иштирок этмаган халқаро йиғилиш қандай ўтди?
Олам
−
07 Август 2023
82815-6 август кунлари Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Украинадаги можарони ҳал қилиш бўйича 40 дан ортиқ давлат вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Бироқ унга Россия таклиф қилинмади. Украинанинг юқори мартабали мулозимлари бу музокаралар самарали бўлганини айтди, бироқ Москва ушбу учрашувни “Глобал Жанубни Киев ортидан силжитиш”га уриниш деб атади.
Киев ва унинг иттифоқчилари музокараларни тинчлик учун асос бўлиши айтилаётган тамойиллар, жумладан, Россия қўшинларининг олиб чиқиб кетилиши ва бутун ҳудуд Украина назоратига қайтарилишини халқаро қўллаб-қувватлашга уриниш деб атаган.
Жумладан, Украина Президенти офиси раҳбари Андрей Ермак Жиддада Украина делегацияси 30 дан ортиқ давлат вакиллари билан музокаралар олиб борганини маълум қилган.
"Жидда шаҳрида миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчилар даражасида Украина тинчлик формуласини амалга ошириш бўйича кўплаб икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди. Биз 30 дан ортиқ делегациялар вакиллари билан мудофаа, хавфсизлик кафолатлари, сармоя, глобал тинчлик саммитининг аҳамияти, дон келишуви, ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдик", деб ёзган Ермак Теlegram-каналида.
Қайд этилишича, 5 август куни Украина делегацияси АҚШ, Саудия Арабистони, Финляндия, Япония, Қатар, Франция, Германия, Испания, Норвегия, Туркия, Польша ва Словакия вакиллари билан, 6 август куни эса Швеция, Жанубий Африка, Баҳрайн, Канада, Италия, Дания, Жанубий Корея раҳбарларининг миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчилари, шунингдек, Европа комиссиясининг юқори мартабали вакили билан музокаралар ўтказган.
Россия иштирокисиз ўтган мазкур йиғилишни Москва ҳам кузатиб борди. Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябковнинг айтишича, бу учрашув Ғарбнинг Зеленский позицияси ортидан Глобал жанубни сафарбар этиш бўйича бефойда саъй-ҳаракатларини давом эттиришга уринишини акс эттиради.
Таҳлилчилар эса Копенгагендаги музокараларнинг олдинги раундидан четда қолган ва Ғарбнинг Россия босқинини қоралаш чақириқларидан воз кечган Хитойнинг иштироки унинг позицияси ўзгариши мумкинлигидан далолат беришига ишонмоқда.
Ғарб дипломатлари Саудия Арабистонининг мазкур йиғилишдаги муҳим ролига эътибор қаратган. Уларнинг айтишича, Саудия Пекин билан ўсиб бораётган муносабатларидан ҳамда Москва ва Киев билан давом этаётган алоқаларидан фойдаланган ҳолда кенгроқ давлатлар гуруҳини йиғилишда иштирок этишга чақирган. Ермак эса Жиддадаги музокаралар чоғида турли нуқтаи назарлар пайдо бўлганини айтиб, уларни "жуда ҳалол, очиқ суҳбат" деб атаган.
Унинг сўзларига кўра, йиғилган барча давлатлар халқаро ҳуқуқ тамойилларига содиқлик, давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги дахлсизлигига ҳурмат кўрсатган.
Германиянинг DPA агентлигининг хабар беришича, Саудия Арабистони расмийлари Жиддадаги музокараларда Украинадаги можарони ҳал қилишнинг муқобил режасини ҳам тақдим этган. Агентлик маълумотларига кўра, Россияга тақдим этилган тинчлик режаси ҳақида маълумот берилган. Унинг бир қисми Украинанинг яхлитлиги, барча жабҳаларда ўт очишни тўхтатиш, БМТ шафелигида тинчлик музокараларининг бошланиши, шунингдек, асирларни алмашишни ўз ичига олади.
Саудия Арабистонидаги учрашув ҳақида Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ҳам фикр билдирган. Расмийнинг таъкидлашича, урушни тугатиш истагини қоралаш қийин.
“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомига ҳаволалар билан баҳслашиш мумкин эмас, чунки суверенитетдан ташқари, халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи ҳам мавжуд”, деган Медведев.
Медведев Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича таклифлар учта асосий шартда мавжуд бўлиши мумкинлигини қўшимча қилган.
Италиянинг “Corriere della Sera” газетасининг ёзишича, инқирозни бартараф этиш бўйича музокаралар иштирокчилари ҳар қандай тинчлик битими Украина ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш ҳамда БМТ Низомининг устунлигига асосланиши керак, деган хулосага келган.
Шунингдек, улар Украина Президенти Владимир Зеленский томонидан таклиф этилган можарога барҳам бериш вариантини муҳокама қилиш учун ишчи гуруҳлар тузишга келишиб олган.