Женисбек Пиязов тарихий "La Scala” саҳнасида куйлаган илк ўзбек бўлди
Маданият-санъат
−
13 Ноябрь 2019
9626Қорақалпоғистон халқ артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Женисбек Пиязов "La Scala” театри саҳнасида куйлаган илк ўзбек операчиси бўлди. Бу ҳақда унинг ўзи Instagram’даги саҳифасида ёзмоқда.
Хонанда Италиянинг Пезаро шахрида жори йилнинг октябрь ойида бошланиб, шу кунларда давом этаëтган бастакор Россини (1792 - 1868) фестивалида иштирок этган ва фестиваль ғолиби сифатида “La Scala” театри саҳнасида куйлаш ҳуқуқини қўлга киритган.
Пиязов “La Scala” саҳнасида куйлаш учун 600 номзод ичидан танлаб олинган тўрт хофиздан бири бўлгани алоҳида урғуланмоқда.
Эътиборлиси шундаки, Пиязов Россини уй-музейи балконидан туриб ариялар ижро этган илк ўзбекистонлик сифатида ҳам тарихга кирди.
Маълумот ўрнида, бастакор Россини яшаган уй балконидан қўшиқ куйлаш ҳуқуқи дунëда эътироф қилинган опера хофизларига берилади. Пиязовдан олдин бу балкондан туриб афсонавий опера қўшиқчиси италиялик Никола Алаимо (Nicola Alaimo) куйлаган эди.
Маълумот учун, бастакор Россини мусиқа фестивали 40 йилдан бери Италияда ўтказиб келинади. Фестивалдан мақсад – янги опера овозларини кашф қилиб дунëга таништириш.
“La Scala” (Teatro alla Scala) — Милан шаҳридаги опера театри бўлиб, у 1778 йили қурилган. “La Scala” театри дунë опера маданияти маркази ҳисобланади.
Женисбек Пиязов эса айни вақтда Италия опера академиясида таҳсил олмоқда ва итальян тилини ўрганмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Женисбек Пиязов жорий йилнинг 15 декабрь куни Тошкентдаги “Халқлар дўстлиги” санъат саройида концерт дастурини тақдим этмоқда.