ЙҲХБ Женисбек Пиязовнинг танқидига муносабат билдирди
Жамият
−
15:42
13699Аввалроқ, Ўзбекистон халқ артисти Женисбек Пиязовнинг Тошкент вилоятида 15 дақиқа ичида 4 маротаба радарга тушгани хабар қилинганди. Ҳолат юзасидан вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, вилоят ҳудудида йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида стационар (қўзғалмас устунларга ўрнатилган) ва мобил комплексли (мултирадар)лар ҳамда патруль автомобилларига ўрнатилган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари фаолият юритмоқда.
Женисбек Пиязов томонидан йўлланган видео мурожаатда ўзига тегишли бўлган транспорт воситасида битта мобил комплексли мултирадар орқали унга 4 маротаба жарима белгилангани айтиб ўтилган.
Вилоят ЙҲХБга кўра, аслида фуқоро Женисбек Пиязовга тегишли бўлган транспорт воситаси Бўстонлиқ туманига олиб борувчи D 012 “Бектемир ш. – Чорбоғ қўрғони” автомобиль йўлининг 45 ва 50 километрларидаги қўзғалмас устунга ўрнатилган стационар радарлар орқали ва ушбу йўлнинг 24 ва 31 километрларида хизмат олиб бораётган 2 та мобил комплексли (турли хил автомобилларга ўрнатилган) радарлар орқали йўл ҳаракати қоидаларини, яъни белгиланган тезлик меъёрларига амал қилмасдан тезликни ошириб ҳаракатлангани қайд этилган.
“Шу сабабли қонунчилигимизда белгиланган тартибда ҳар бир содир этилган ҳуқуқбузарлик учун алоҳида жарима қарорлари чиқарилган”, дейилган ЙҲХБ муносабатида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Женисбек Пиязов Бўстонлиқ туманидан келаётганда 15 дақиқа ичида 4 маротаба радарга тушганини айтиб, танқидий мурожаат йўллаганди. У жарималарни тўлашдан қочмаслигини, бироқ бундай тартибдаги жарималарни тўлаш оддий халқ учун жуда оғир эканини айтганди.