Женева саммити фойда бермади, шекилли. Лавров АҚШни “эски пластинка”ни чайнашда айблади

Олам 4702
image

Жорий йилнинг 16 июнь куни Швейцариянинг Женевасида бўлиб ўтган саммитда Россия ҳамда АҚШ бир қатор масалаларда келишувларга эришган эди. Бироқ, саммит якунланиши билан АҚШ Россияга нисбатан ўша эски позициясига ўтиб, агар Москва бир неча ой ичида Женевада белгиланган “ўйин қоидалари”ни қабул қилмаса, у янги босимларга дучор бўлади, деган баёнотлар билан чиқа бошлади. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг кеча, 28 июнь куни эълон қилинган “Қонун, ҳуқуқлар ва қоидалар тўғрисида” номли танқидий мақоласида сўз боради

Россия ТИВ раҳбари мақоласида Владимир Путин ва Жо Байден ўртасида бўлиб ўтган самимий ва конструктив саммит якуниди ядро урушига йўл қўйилмаслик, шунингдек стратегик барқарорлик бўйича мазмунли мулоқотни бошлаш, киберхавфсизлик, дипломатик ваколатхоналар фаолиятини тиклаш, жазо муддатини ўтаётган Россия ва АҚШ фуқароларининг тақдири ҳамда қатор минтақавий можаролар бўйича маслаҳатлашувларнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ўзаро тушунишга эришилганини эслаб ўтган.

Унинг қайд этишича, Путин мулоқотда санаб ўтилган ҳар бир соҳада натижага қатъий тенг ҳуқуқлилик асосида, манфаатларнинг ўзаро мақбул мувозанатини топиш орқали эришиш мумкинлигини аниқ белгилаб берган. Музокаралар вақтида Америка томонидан ҳеч қандай эътирозлар бўлмаган.

“Бироқ учрашув якун топиши билан америка расмийлари, жумладан, Женева саммити иштирокчилари ҳам, қатъият билан яна эски кўрсатмаларни белгилашни бошлади: гўёки, улар Москвага “кўрсатиб қўйган, огоҳлантириб, аниқ қилиб талабларни белгилаб бергандек”. Шу билан бир қаторда барча огоҳлантиришлар таҳдидлар билан ҳамоҳангликда янграган эди: агар Москва бир неча ой ичида Женевада айтилган “ўйин қоидаларини” қабул қилмаса, у ҳолда у янги босимга учрайди”,  дея ёзган Лавров ўз мақоласида.

Бундан ташқари, РФ ТИВ раҳбарининг қўшимча қилишича, ҳозир икки давлат саммитида тилга олинган маслаҳатлашувлар қандай амалга оширилишига аниқлик киритмоқ керак.

“Шундай бўлсада, музокаралар якуни бўйича баён этилган Вашингтоннинг эски позицияси ўта намунавийдир, ахир, Европа пойтахтлари “катта оғанинг” кайфиятини сезиб қолиб, дарҳол фаол равишда ҳузур билан унга жўр бўла бошлади. Янграётган баёнотларнинг маъноси эса: Москва билан муносабатларни нормаллаштиришга тайёрмиз, аммо у аввалига ўз хатти-ҳаракатларини ўзгартирмоғи лозим”, дея қайд этган Лавров.

Вазирнинг фикрига кўра, америка амалдорларининг гапини маъқуллаётган Европа мамлакатлари позицияси Россия-Америка саммитига қадар бўлиб ўтган учрашувларда: Корнуоллдаги G7 ва Брюсселдаги НАТО саммитларида, шунингдек, Байденнинг Европа кенгаши раиси Шарль Мишель ва Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен билан мулоқотлари чоғида ишлаб чиқилган бўлиши мумкин.

Ғарб концепцияси Россиядаги 90-йилларни эслатади — Лавров

Шунингдек, Лавров мақоласида Ғарбнинг “қоидаларга асосланган дунё тартиботини” Россиядаги даҳшатли 90-йилларга ўхшатган. 

“Июнь ойида ўтказилган НАТО ва G7 саммитлари шуни кўрсатдики, Ғарб ҳаммага ҳар қачонгинданда бирдамроқ, халқаро масалаларда ўзи тўғри деб ўйлаган ишларни амалга оширишини, бошқаларни эса — аввало, Россия ва Хитойни ўзи белгилаб берган йўналишдан боришга мажбур этишини намоён этишга ҳаракат қилган”, дейди Лавров.

Аввалроқ Кремль АҚШни Россияга дўст бўлмаган мамлакатлар рўйхатидан чиқариш учун сабаб йўқлигини маълум қилганди.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 16 июнь куни Швейцариянинг Женева шаҳрида Россия-АҚШ саммити бўлиб ўтди. Ҳашаматли Ла Гранж қасрида икки давлат раҳбари Владимир Путин ва Жо Байден 3 соатдан ортиқ музокара олиб борди. Музокаралар вақтида икки давлат раҳбари Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний, Арктикани ҳарбийлаштириш, икки мамлакат қамоқхоналарида сақланаётган маҳбусларни алмашиш орқали Ватанига қайтариш, янги санкциялар каби бир қатор масалаларни муҳокама қилган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 84
Рейтинг: 3
t
×