Жазирама сабаб айрим ҳудудларда электр 2 соатга узилади

Жамият

image

Кеча, 16 июль куни Ўзбекистон ягона энергетика тизимида ёзги мавсум учун суткалик электр энергияси истеъмоли 291 млн киловатт-соатни ташкил этиб, тарихий рекорд қайд этилди. Электр тармоқларида юзага келган ўта юқори юклама сабаб айрим ҳудудларда электр таъминоти 2 соатгача вақтинча чекланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, сўнгги кунларда кузатилаётган аномал иссиқ ҳаво электр энергияси истеъмолининг кескин ортишига сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, 2026 йил 16 июль куни суткалик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ҳам 295,4 млн киловатт-соатни ташкил этиб, янги рекорд ўрнатилди. Бу 15 июлда қайд этилган 291,4 млн киловатт-соатлик кўрсаткичдан 4 млн киловатт-соатга ёки 1,37 фоизга юқори.

Маълум қилинишича, аномал иссиқ туфайли очиқ ҳавода жойлашган электр узатиш тармоқлари ва ускуналари меъёрий иш ҳароратидан анча юқори даражада қизимоқда. Айниқса, кундузги вақтларда минглаб кондиционерлар, музлаткичлар, совитиш ускуналари ҳамда бошқа электр жиҳозларининг бир вақтда ишлаши тармоқлардаги юкламани янада ошириб, ускуналарнинг ишдан чиқиши ёки авариялар юзага келиши хавфини кучайтирмоқда.

Шундай вазиятларда энерготизимда йирик носозликларнинг олдини олиш мақсадида диспетчерлик хизматлари электр узатиш тармоқларидаги юкламани камайтириш чораларини кўради.

Жумладан, айрим тармоқларда юклама критик даражага яқинлашганда ускуналарни ҳимоя қилиш учун ҳудудлар қисқа муддатга электр таъминотидан узиб турилиши мумкин. Бу электр қурилмаларининг ишдан чиқиши, ёниб кетиши ва кунлаб давом этадиган йирик аварияларнинг олдини олиш учун зарур чора экани қайд этилган.

Шунингдек, электр тармоқларида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни тезкор бартараф этиш мақсадида ҳудудларда туну кун ишлайдиган махсус авария бригадалари ташкил этилган.

Маълум қилинишича, айрим ҳудудлардаги электр узатиш тармоқларида ўта юклама юзага келишининг олдини олиш мақсадида 2 соатлик мажбурий чеклов жорий этилган.

Хусусан:

  • Қашқадарё вилоятининг Кўкдала ва Чироқчи туманларидаги 1 750 та истеъмолчи;
  • Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов ва Зомин туманларидаги 1 200 та истеъмолчи;
  • Хоразм вилоятининг Шовот, Гурлан ва Қўшкўпир туманларидаги 1 300 та истеъмолчи;
  • Тошкент вилоятининг Тошкент ва Зангиота туманларидаги 1 000 та истеъмолчи вақтинча электр таъминотидан узилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзгидромет жорий йилнинг 18–20 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига жанубдан жуда иссиқ ҳаво оқимлари кириб келишда давом этиши ҳақида огоҳлантириш билан чиққан эди. Шунингдек, Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати 48 даражагача кўтарилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг