Жастин Бибер қўшиқларининг муаллифлик ҳуқуқини сотмоқчи
Маданият-санъат
−
23 Декабрь 2022
5048Америкалик хонанда Жастин Бибер ўз қўшиқларининг муаллифлик ҳуқуқини “Hipgnosis Songs Capital” (HSC) компаниясига сотмоқчи. Шартнома қиймати 200 миллион АҚШ долларига баҳоланмоқда. Бу ҳақда инсайдерларга таяниб WSJ нашри хабар берди.
Қайд этилишича, олди-сотди амалга ошгудек бўлса хонанданинг деярли барча қўшиқларининг муаллифлик ҳуқуқи ана шу компанияга ўтади. Аммо Бибер “Love Yourself” ва “Baby” каби машҳур тароналарининг муаллифлик ҳуқуқини ўзида сақлаб қолмоқчи.
HSC компанияси эса муаллифлик ҳуқуқини қўлга киритганидан сўнг фильмлар, реклама роликлари, теле-трансляциялар ва стримларда Жастин Бибер қўшиқларидан фойдаланиши ортидан келадиган тушимлар орқали даромад кўришни режалаштирган.
Маълумот ўрнида, Жастин Дрю Бибер 1994 йилнинг 1 март куни Канаданинг Онтарио провинциясида туғилган. У 2007 йилдан ижодий фаолиятини бошлаган бўлиб, у куйлаган “Sorry”, “Baby”, “What do you Mean?” ва “Love Yourself” каби қўшиқларга ишланган видео клипларнинг ҳар бири YouTube'да бир миллиарддан зиёд кўрилган.
Хонанда 2010 йилдан буён олтита мусиқий альбом тақдим этган. Қолаверса, Бибернинг 2010–2013 йиллар оралиғида ремикс тароналардан ташкил топган бешта тўплами ҳам мавжуд.