Жапаров ва Ташиев ўртасидаги тахт кураши: улар буни рад этяпти
Олам
−
21 Декабрь 2023
26199Сўнгги вақтларда жамоатчилик орасида Қирғизистоннинг кейинги Президенти Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг амалдаги раиси Қамчибек Ташиев бўлиши мумкинлиги, у Жапаров билан сиёсий курашга киришгани ҳақида тарқалган гаплар кун сайин янгидан янги миш-мишларга уланмоқда. Айни деди-дедилар фонида Президент Садир Жапаров ва МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев бирга кўриниш берди. Улар бугун, 21 декабрь куни МХДҚнинг Норин вилояти бошқармаси биносининг очилиш маросимида бирга иштирок этди.
Маросимда сўзга чиққан Садир Жапаров Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Норин вилояти бошқармасининг 1988 йилда қурилган биноси 35 йилдан буён бирор марта ҳам таъмирланмаганини урғулаб, у Ташиевнинг ташаббуси ва келтирган ҳомийлик маблағлари билан янгиланганини айтди.
МХДҚ ҳудудий биноларининг очилиш маросимида анъанага кўра қўмита раиси Қамчибек Ташиев кўчат ўтқазар эди. Бу сафар арча кўчатини Президент Жапаровнинг ўзи экди.
Ижтимоий тармоқларда Жапаров ва Ташиев ўртасидаги тахт кураши ҳақида гаплар тинаётгани йўқ.
16 декабрь куни Садир Жапаров бу масалага тўхталиб, Халқ қурултойида Жапаров-Ташиев ўртасида бўлиниш юзага келишидан манфаатдор кучлар борлигини айтганди.
Унинг билдиришича, шундай миш-мишларни тарқатиш ва икки дўстни жанжаллаштириш орқали ҳукуматни ағдариш осонроқ бўлади, деб ҳисоблайдиганлар бор.
“Улар муваффақиятга эриша олмайди. Қамчибек Ташиев билан менинг орамизда бўлиниш бўлмайди”, деган давлат раҳбари.
У қўлида таниқли шахс ўз атрофидагилар ва ҳатто оила аъзоларидан “Қамчибек Ташиев ҳокимиятни ўз қўлига олмоқчи”, деган миш-мишни тарқатишни сўрагани акс этган видео борлигини айтган. Жапаров бу видеони тарқатиши мумкинлиги, аммо оқсоқолга ачиниб, уни камситишни истамаслигини қўшимча қилган.
“Лекин бу Қамчибек Ташиев ва менга таҳдид солмайди. Биз ҳеч қачон бундай кучларнинг орамизга нифоқ солишига йўл қўймаймиз”, дея хулоса қилган Президент.
МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев эса бир неча кун аввал Жапаровнинг айтганларига муносабат билдириб, Президент курсисига кўз тикмаётганини очиқ айтди.
“Биринчидан, давлат раҳбари тўғри айтди: икки дўст ўз мартабаси учун жанжаллашмайди. Иккинчидан, биз учун энг муҳими қирғиз халқининг келажаги тинч ва фаровон бўлишидир. Учинчидан, президентимиз аввалги Конституция бўйича олти йилга сайланган, ҳозиргиси бўйича эса яна беш йил муддатга сайланиши мумкин, шунинг учун мен Садир Нурғўжўевични қўллаб-қувватлайман ва қирғиз халқига биргаликда хизмат қилишимизга умид қиламан. Саккиз йилдан сўнг қирғизлар орасида дўстим Садирга ўхшаб ўз халқи учун куядиган одам пайдо бўлишига умид қиламан”, деб ёзган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг октябрь ойида Евроосиё таҳлилий клуби раҳбари, халқаро сиёсатшунос Никита Мендкович ўзининг Telegram-каналида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Қирғизистоннинг навбатдаги президенти бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзиб чиққанди. Унинг прогнозига кўра, ё Ташиев Жапаровнинг амалда давомчисига айланади ёки Жапаров Ташиевдан “мувозанатга солувчи” янги сиёсий таянч яратади.
LiveБарчаси