Жапаров мустақил журналистларнинг қамалиши сабабини айтди

Олам

image

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров бир қатор қирғиз оммавий ахборот воситалари хорижий жамғармалардан пул олаётганини айтди. Бу ҳақда Қирғизистон раҳбари “Кабар” агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

“Кўпинча ўзини мустақил журналист ва блогер деб атайдиганлар турли жамғармалар, ташкилотлар ва ҳоказолардан грант маблағларини олишади”, деган Жапаров.

Президентнинг иддао қилишича, 2017-2020 йиллар оралиғида АҚШдан Демократия Миллий Жамғармаси (NED) қирғиз ноҳукумат ташкилотлари вакиллари, журналистлар ва блогерларга 8 миллион 471 минг 614 доллар ўтказган.  

Унинг қўшимча қилишича, грант маблағлари тўғри мақсадларда ишлатилмаган. Улар ҳокимиятни обрўсизлантириш, давлат сиёсатини қоралаш, жамиятни безовта қилувчи, конституцияга зид чақириқлар ва умуман, миллий хавфсизликка таҳдид соладиган сохта маълумотларни тарқатиш билан шуғулланиб келган.

Жапаров қўлга олинганларни профессионал журналист деб ҳисобламаслигини қўшимча қилган. 

"Булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланадиган ва масъулиятсизлик билан турли манбаларни, жумладан, мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид соладиган маълумотларни эълон қиладиган блогерлардир", дейди у.

Президентнинг айтишича, айни дамда демократик ривожланган мамлакатларда сўз эркинлигидан сиёсий мақсадларга эришиш ва жамиятни беқарорлаштириш учун фойдаланаётганларга нисбатан чекловлар жорий этилмоқда.

“Бу борада биз профилактика чораларини кўришга мажбурмиз, чунки бу бевосита мамлакат миллий хавфсизлигига дахлдор”, деган Жапаров.

У ҳибсда сақланаётган журналистларнинг тақдири ҳақида ҳам сўз очган ва қўлга олинганларга қонуний чора кўрилишини айтиб ўтган. 

“24.kg нашри директори ва бош муҳаррирининг сўроқ қилинишига келсак, иш қонунчиликда белгиланган меъёрлар асосида ўтиши керак”, деган у.

Президентнинг фикрича, ягона йўл ҳамма фуқаролар оммавий ахборот воситаларини тартибга солувчи қонунларга риоя қилишида – бу биринчи навбатда миллий хавфсизлик учун муҳим.

Қирғиз Президенти сўзи якунига “Бизда сўз эркинлиги бор, бўлган ва шундай бўлиб қолади”, дея нуқта қўйган. Маълумот ўрнида, журналистларнинг ҳибсга олинишидан бир кун ўтиб, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси расмий вакили Лиз Троссел ташкилот Қирғизистонда журналистларнинг ҳибсга олинишидан хавотирда эканини билдирган.

Россиялик журналистлар эса Бишкекда ҳибсга олинган ОАВ ходимларини зудлик билан озод қилишга чақирган эди.

Улар бу ҳолатни “Қирғизистон ҳукумати фуқаролик жамияти ва сўз эркинлигига қарши уруш эълон қилди” деб атаган ва мактубни 50 нафар журналист ҳамда алоҳида оммавий ахборот воситалари ходимлари имзолаган.

Фаоллар демократик давлатларни журналистларни имкон қадар тезроқ озод қилиш ва уларга қарши жиноий ишларни тугатиш учун дипломатик алоқаларни бошлашга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 январь куни Қирғизистонда 11 нафар мустақил журналист ҳибсга олинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Садир Жапаров журналистлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made