Жапаров Мирзиёевни ЕОИИ олий кенгаши йиғилишига таклиф қилди

Жамият

image

Бугун, 8 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қирғизистон раҳбари Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Суҳбат чоғида Шавкат Мирзиёев Садир Жапаровни “Центерра” компанияси билан “Қумтор” олтин конининг ҳолати бўйича музокаралар муваффақиятли якунлангани ва тегишли шартнома имзолангани билан табриклаган. 

Қайд этилишича, давлат раҳбарлари қирғиз-ўзбек икки томонлама ҳамкорлигининг долзарб масалаларини муҳокама қилган ва минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашганлар. 

Президент Садир Жапаров Боткен вилоятида иккита умумтаълим мактаби қуриш, шунингдек, Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театрини реконструкция қилиш масаласини ҳал қилгани учун ўз Ўзбекистон Президенти ва давлатига миннатдорлик билдирган. 

Садир Жапаров, шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга режалаштирилган жавоб ташрифи, шубҳасиз, икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирган. 

У 2022 йил 26-27 май кунлари Бишкек шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган  Евроосиё иқтисодий иттифоқи олий кенгаши ва Евроосиё иқтисодий форумида Ўзбекистон Президентининг шахсан иштирок этишига эътибор қаратган.

Суҳбат якунида икки давлат раҳбарлари муборак Рамазон ойи муносабати билан бир-бирларини табриклаганлар.

Ҳозирча расмий Тошкент ушбу мулоқот ҳақида хабар бергани йўқ. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Садир Жапаров

Баҳолаганлар

286

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг