Жапаров этник қирғизларга бир кунда фуқаролик беришни буюрди

Олам

−

image

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров этник қирғизларга фуқаролик ва паспортни бир кун ичида расмийлаштириб бериш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда “AKIpress” хабар берди.

Қайд этилишича, Президент Боткен шаҳри аҳолиси билан учрашувда Ўзбекистондан Қирғизистонга бориб, қирғизистонлик эркакка турмушга чиққан этник қирғиз аёлнинг мурожаатини тинглаган. Аёл узоқ вақтдан бери Қирғизистон фуқаролигини ололмаётганини билдирган.

Жапаров ушбу масалани кўриб чиқишни топширган. Шунингдек, Афғонистон ва Тожикистондан борган этник қирғизлар ҳамон паспорт ололмаётганини айтган.

“Қирғиз бўлса, ортиқча текшириб ўтирманг, дарҳол бир кун ичида беринг”, деган Президент.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондан Қирғизистонга ўтган қишлоқлар аҳолисига Қирғизистон фуқаролиги берилиши ҳақида хабар берилган эди. Хусусан, Ўзбекистондан Қирғизистонга ўтказилган Чўнғара ва Тош-Тепа қишлоқларида тахминан 2,5 минг нафар аҳоли яшайди. Шунингдек, 2026 йил 3 августдан бошлаб ушбу ҳудудлар аҳолисини рўйхатга олиш ва ҳужжатларини расмийлаштириш ишлари бошланган бўлиб, жараён якунланганидан сўнг уларга Қирғизистон фуқаролиги берилиши белгиланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда бир йилдан ортиқ муддат яшаётган 4 397 нафар Қирғизистон фуқароси рўйхатга олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг