Жапаров Эрдўған билан кўришди. Бишкек Тожикистон билан можарода Туркиядан ёрдам оладими?

Олам 4210
image

Амалий ташриф билан Туркиянинг Изник шаҳрига борган Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашди. 

Икки давлат раҳбарлари қирғиз-турк ҳамкорлигининг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилган. Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратганлар. 

Президент Садир Жапаров Тўртинчи Жаҳон кўчманчилар ўйинлари юксак даражада ташкил этилганини таъкидлаб, улар инсоният цивилизацияси мулки сифатида жаҳонда этник-спорт ва этник-маданий ҳаракатни ривожлантиришга қаратилганини таъкидлаган. 

Учрашувда томонлар икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, икки мамлакатнинг барқарор ривожланиши, тинч ва фаровонлигига кўмаклашиш мақсадида жаҳон миқёсида мулоқот ва ҳамкорликка содиқ эканликларини тасдиқлаганлар.

Томонлар қирғиз-тожик чегарасидаги вазият ва аввалги келишувларга кўра мудофаа борасидаги ўзаро ҳамкорлик ҳақида гаплашганми ё йўқ, буниси маълум эмас. Икки давлат раҳбарларининг матбуот хизматлари суҳбатни тўлиқ ёритмаган. 

Президент Садир Жапаров амалий ташрифини якунлаб, бугун, 30 сентябрь куни Бишкекка қайтиб келди.

Эслатиб ўтамиз, Садир Жапаров 2021 йилнинг июль ойида илк бор Туркияга давлат ташрифини амалга оширган эди. Ўшанда ҳам ушбу тажриф қирғиз-тожик чегарасидаги зииддият авжига чиққан даврга тўғри келган. Ўшанда Жапаров Қирғизистон Туркия билан мудофаа ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришни истаётганини айтганди. 

Ташриф доирасида Президентлар Жапаров ва Эрдўғаннинг яккама-якка учрашуви, Қирғизистон ва Туркия ўртасидаги стратегик ҳамкорлик Олий кенгашининг 5-йиғилиши бўлиб ўтди.

Ушбу ташрифдан кейин Қирғизистонда "Bayraktar" дронлари пайдо бўлди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 54
Рейтинг: 3
t
×