Жапаров Туркия билан мудофаа ва хавфсизлик бўйича ҳамкорликни кучайтиришни хоҳлаяпти
Олам
−
11 Июнь 2021
3993Қирғизистон томони Туркия билан мудофаа ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришни истамоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров Туркия Республикаси Парламенти раиси Мустафо Шентоп билан учрашувда сўз очган.
Томонлар Анқарадаги Буюк Миллат Мажлисида ўтган учрашувда минтақадаги хавфсизлик, террористик ташкилотларга қарши кураш, қирғиз-тожик чегарасида рўй берган ҳолатни муҳокама қилганлар.
Шентоп 2016 йил 15 июлда Туркияда ҳарбий тўнтаришга уриниш пайтида Туркия парламенти биносига ҳаво ҳужумлари уюштирилгани, Фатҳулллоҳ Гулен бошчилигидаги террорчилар Парламент биносига учта бомба ташлаганини хотирлаган.
“Халқимиз 2016 йил 15 июлда нодавлат нотижорат ташкилотлар, таълим ва тижорат муассасалари ниқоби остида ўзининг ҳақиқий ниятларини яшириб келган ушбу террористик ташкилотнинг ҳақиқий юзини кўрди. Суд жараёни шуни кўрсатдики, ўша кеча Парламентга бомба ташлаган учувчилар, биз бегуноҳ болаларимизни ишониб топширган мактаб ва коллеж ўқитувчиларидан буйруқ олган.
ФЕТОнинг асосий эътибори Туркияга қаратилган бўлса-да, улар ўзлари фаолият олиб бораётган барча мамлакатларга таҳдид солади, деб ҳисоблаймиз. Шу маънода, биз икки мамлакат Президентлари кеча ўтган учрашувларда ФЕТОнинг ҳар икки мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётгани борасида келишувга эришилганидан мамнун бўлдик”, дейди Шентоп.
Ўз навбатида Қирғизистон Президенти Бишкек Анқара билан яқин ҳамкорликни ривожлантиришда давом этишини баён этган.
“Биз Қирғизистондаги турк фуқароларининг, хусусан, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз”, деган давлат раҳбари.
Шунингдек, учрашувда яқинда қирғиз-тожик чегарасида рўй берган ҳолатга ҳам эътибор қаратилган.
Парламент раиси Мустафо Шентоп Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмида содир бўлган воқеалар пайтида ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган ва жароҳатланганларга тезроқ соғайиб кетишларини тилаган.
Шуни таъкидлаб ўтиш ўринлики, Туркиянинг бир неча чақириқларига қарамай, расмий Бишкек Қирғизистонда фаолият юритаётган Фатҳуллоҳ Гулен бошчилигидаги ФЕТО террористик ташкилоти таълим муассасаларинининг фаолиятига панжа ортидан қараб келаётган эди. Эрдўған бугунгача ушбу масалаларда собиқ Президентлар Алмазбек Атамбоев ва Сооронбай Жээнбеков билан ҳам мулоқот қилган. Бироқ, натижа бўлмаган.
Маълумот ўрнида, 2016 йилнинг 15 июль куни Туркияда давлатга қарши тўнтаришга уриниш амалга оширилди. Унда мамлакат хавфсизлик кучлари, ички ишлар, прокуратура, Миллий хавфсилик хизмати, Куролли кучлар, мудофаа тизимларига ўрнашиб олган кимсалар Эрдўған бошчилигидаги Ҳукуматга қарши тўнтаришни амалга ошириб, Президентни ҳокимиятдан ағдаришни мақсад қилган эди. Тўнтаришга уринишлар халқнинг кўчаларга чиқиб, мамлакат демократиясини ҳимоя қилиши билан бостирилди. Оқибатда 251 нафар бегуноҳ инсонлар қурбон бўлди.
Ушбу давлат тўнтаришига ҳаракат айни дамда АҚШнинг Пенсильвания штатида истиқомат қилиб келаётган Фатҳуллоҳ Гулен бошчилигидаги ФЕТО террористик гуруҳи ва унинг давлатдаги корчалонлари орқали амалга оширилгани маълум қилинди. Туркия Ҳукумати тўнтаришга уринишдан сўнг Фатҳуллоҳ Гулен ва у бошчилигидаги ташкилотга қарши муросасиз курашни бошлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь