Жанубий Кореянинг Jeju Air авиакомпаниясига тегишли яна бир самолётда муаммо чиқди

Олам

image

Жанубий Кореянинг Jeju Air авиакомпаниясининг Муан халқаро аэропортида юзага келган йўловчи самолёти ҳалокатидан бир кун ўтиб, бугун, 30 декабрь куни худди шу моделдаги самолёт шасси (кўтарилиш ва қўниш учун зарур бўлган тизим) билан боғлиқ муаммо туфайли ортга қайтди. Бу ҳақда “Yonhap” хабар берди.

Қайд этилишича, Jeju Air авиакомпаниясининг 7C101 рейсининг экипажи (Boeing B737-800 самолёти) соат 06:37 да Кимпхо аэропортидан парвоз қилган ва парвоз давомида шассида носозлик аниқланган. Авиакомпания дарҳол бортда бўлган 161 йўловчига бу муаммо ҳақида хабар берган ва самолётни қайтариб, соат 07:25 да Кимпхо аэропортига хавфсиз қўндирган.

Jeju Air’нинг бошқарув департаменти раҳбари Сон Кёнг Ҳуннинг сўзларига кўра, соат 06:57 да парвоздан кейин шассида носозлик ҳақида сигнал олиниб, капитан ерга қайтиш учун қарор қабул қилган. Шассининг текширилиши ва нормал ҳолатга келтирилиши амалга оширилган бўлса-да, капитан хавфсизликни таъминлаш мақсадида самолётни қайтаришга қарор қилган.

Кейинчалик 21 йўловчи бу рейсдан бош тортган. Jeju Air қолган йўловчиларни бошқа шундай моделдаги самолётга ўтказган ва самолёт 08:30 да Чежуга қайта учган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 29 декабрь куни Жанубий Кореядаги аэропортда бортида 181 киши бўлган самолёт ҳалокатга учраганди. Самолёт мамлакат жануби-ғарбидаги Муан халқаро аэропортида учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетган ва қўниш йўлаги ташқарисидаги тўсиққа урилиб, ёниб кетган.

Хабар қилинишича, ичида 175 йўловчи ва олти нафар борт ходими бўлган Jeju Air самолёти Таиланднинг Бангкок шаҳридан қайтаётган ва қўнаётган вақтда аварияга учраган. Йўловчиларнинг 173 нафари Жанубий Корея фуқароси ва икки нафари Таиланд фуқароси бўлган. Ҳалокатга учраган Boeing бир кун олдин ҳам бортдаги фавқулодда вазият тўғрисида хабар берган. Ўшанда ҳаво кемаси парвозни давом эттиришдан олдин мажбурий қўнишни амалга оширган. Сўнгги маълумотларга кўра, 179 киши ҳалок бўлган. Омон қолган икки киши – бир йўловчи ва экипаж аъзоларидан бири.


Мақола муаллифи

Теглар

Жанубий Корея Jeju Air

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг