Жанубий Корея раҳбари БМТ минбарида туриб Россияни қоралади
Олам
−
21 Сентябрь 2023
10342Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль Шимолий Корея ва Россия ўртасидаги сўнгги алоқалар ҳамда эҳтимолий ҳамкорлик юзасидан дунё етакчиларини огоҳлантирди. Бу ҳақда у кеча, 20 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида сўз очди.
“Дунё тинчлигининг олий посбони бўлиши керак бўлган БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бошқа суверен давлатга бостириб кириши ҳамда Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларини қўпол равишда бузаётган режимдан қурол ва ўқ-дорилар олиши – парадоксдир”, деган Юн Сок Ёль.
Унинг айтишича, Шимолий Корея оддий қуролларни Россияга топшириш эвазига оммавий қирғин қуролларини кучайтирувчи ахборот ва технологияни қўлга киритиши Жанубий Корея учун қабул қилиб бўлмас ҳолат.
“Россия ва КХДР ўртасидаги бундай келишув нафақат Украина, балки Корея Республикасининг тинчлиги ва барқарорлигига таҳдид соладиган бевосита провокация бўлади. Корея Республикаси бунга қўл қовуштириб қараб ўтирмайди”, деган Жанубий Корея Президенти.
Юн Сок Ёлнинг БМТ минбаридан туриб эълон қилган баёнотига Россия томони ўз муносабатини билдирди. Сеулдаги Россия элчихонаси Корея раҳбарининг нутқини асоссиз ва провокацион деб атади.
“Жанубий Корея расмийлари Вашингтон томонидан бошланган ва Россия-Шимолий Корея ҳамкорлигини обрўсизлантиришга қаратилган ташвиқот кампаниясига қўшилган. Бундай спекулятив баёнотлар Россия томонидан провокацион қарама-қаршилик сифатида баҳоланади. Бу позиция АҚШ бошчилигидаги коллектив Ғарб томонидан мамлакатимизга қарши бошланган гибрид уруш белгисидир”, дейилади элчихона баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Россияга келган, Президент Путин билан учрашган ва мамлакатдаги бир қанча ҳарбий объектларни кўздан кечирганди. Россия ва КХДР ўртасидаги ҳамкорлик Япония, АҚШ ва Жанубий Кореяни хавотирга солганди.