Жанубий Корея Президенти терма жамоани текширмоқчи
Спорт
−
11:58 14252 3 дақиқа
Жанубий Корея Президенти Ли Чже Мён Маданият, спорт ва туризм вазирлигига миллий терма жамоанинг Жаҳон чемпионатидаги муваффақиятсиз иштироки сабабларини ўрганиш бўйича текширув ўтказишни топширди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Жанубий Корея терма жамоаси Жаҳон чемпионати “А” гуруҳида 3 очко билан учинчи ўринни эгаллаб, плей-офф босқичига йўллана ололмади.
“Профессионал футбол клубининг собиқ фахрий директори ва миллий терма жамоанинг содиқ мухлиси сифатида бу кутилмаган натижа мени нафақат ҳайратга солди, балки чуқур тушкунликка ҳам туширди. Бу ҳолат яна бир бор кадрлар сиёсати ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини исботлади. Агар малакали мутахассислар ўрнига шахсий яқинлик асосида тайинловлар амалга оширилса, натижа ҳам шунга яраша бўлади. Давлат ва шахсий манфаатларни ажрата олмайдиган, шахсий манфаатни давлат манфаатидан устун қўядиган раҳбарлар тизимда муаммоларни келтириб чиқаради. Бундай тайинловларни назорат қилиш ва уларнинг жавобгарлигини таъминлаш қийинлашади. Миллий терма жамоанинг плей-оффга чиқа олмагани ҳам, эҳтимол, айнан бошқарув ва кадрлар сиёсатидаги хатолар оқибатидир”, дейди Президент.
Ли Чже Мённинг билдиришича, ҳукуматнинг асосий вазифаларидан бири жамоат ташкилотларида раҳбариятни шакллантиришнинг демократик тизимини яратишдан иборат.
“Қишлоқ хўжалиги кооперативлари раҳбарлари аъзолар томонидан тўғридан тўғри сайланаётгани каби, Корея спорт қўмитаси ва Корея футбол ассоциациясида ҳам оз сонли делегатлар орқали билвосита сайлов тизимидан бутун спорт жамоатчилиги иштирок этадиган тўғридан тўғри сайлов тизимига ўтиш бўйича топшириқ бердим. Билишимча, бу жараён аллақачон бошланган.
Шу билан бирга, бошқарувда шаффофлик, адолат ва холисликни таъминлайдиган ҳамда қабул қилинган қарорлар учун масъулиятни белгилайдиган самарали назорат тизимини яратиш ҳам муҳим вазифадир”, дейди давлат раҳбари.
Президент сўзи якунида Жаҳон чемпионатида иштирок этиш давлат бюджети ва солиқ тўловчилар маблағлари ҳисобига амалга оширилишини эслатиб, вазирликка мазкур омадсизлик сабабларини ҳар томонлама таҳлил қилиш, келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва спорт бошқарувини ислоҳ қилиш бўйича режа тақдим этишни буюрганини маълум қилди.
“Бу қабул қилиб бўлмайдиган вазият туфайли мамлакат фуқароларидан чин дилдан узр сўрайман. Бундай ҳолат бошқа ҳеч қачон такрорланмаслиги учун спорт бошқаруви тизимини тезкор равишда ислоҳ қилиш ишларини бошлаймиз”, дейди Ли Чже Мён.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Корея миллий терма жамоасининг бош мураббийи Хон Мён Бо 2026 йилги Жаҳон чемпионатидаги омадсиз иштироки ва жамоанинг плей-офф босқичига чиқа олмагани сабабли ўз лавозимини тарк этган эди.
Live
Барчаси