Жамбилдаги ЙТҲ қурбонларининг жасади Ўзбекистонга олиб келинмаган
Жамият
−
21 Апрель 2019
9426Хабарингиз бор, кеча, 20 апрель куни соат 05:09 да Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Кордай туманидаги “Чимкент- Олма-ота” трассасининг 181 километрида автобус иштирокида йўл- транспорт ҳодисаси рўй берди. Оқибатда автобусдаги 49 нафар йўловчидан 11 нафари ҳалок бўлди. Бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этганларнинг 3 нафари ўзбекистонликлар.
ЙТҲ оқибатида вафот этганлар – Ўринбой Мирҳамид ўғли Абдухолиқов, Дилором Абдухолиқовна Ёрмекбоева, Алишер Сафарбаевич Калмуратовнинг жасадлари Ўзбекистонга олиб келинмаган. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан маълум қилишларича, вафот этган фуқароларнинг жасадлари устидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Жараён тўлиқ якунланганидан сўнг, жасадлар Ўзбекистонга олиб келинади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа идоралар мутахассисларидан иборат Ҳукумат комиссияси тузилиб, Комиссия аъзолари шу куннинг ўзида йўл-транспорт ҳодисасида жабрланганларга ёрдам бериш, уларни Ўзбекистонга олиб келиш ҳамда фавқулодда вазиятнинг рўй бериш сабабларини ўрганиш учун воқеа жойига махсус бортда учиб кетишди.
Кечанинг ўзида ЙТҲда жабрланганлар ушбу махсус бортда Ўзбекистонга олиб келинди ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига жойлаштирилди. Соат 12:00 гача уларнинг 2 нафарига мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказилган бўлса, айни пайтда яна 3 нафар бемор операция столига олинган.