Жакартада 3 глобал куч вазирлари йиғилди
Олам
−
13 Июль 2023
7536Кеча, 12 июль куни Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (ASEAN) йиғилиши доирасида Индонезия Ташқи ишлар вазири Ретно Марсуди Хитой ва Россия бош дипломатлари Ван И ва Сергей Лавров билан Жакартада уч томонлама учрашув ўтказди. Бу ҳақда “Jakarta Globe” хабар берди.
Ванг И соғлиғи сабабли Жакартага кела олмаган Хитой Ташқи ишлар вазири Цинь Ганг номидан мулоқотга киришган. У илгари Ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган ва ҳозирда Хитой Коммунистик партияси марказий қўмитаси ташқи ишлар комиссияси девонхонасини бошқаради.
Мулоқотда жаҳон бозорларидаги инқироз тенденциялари шароитида озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилинган.
"Индонезия ҳар ким билан мулоқот қилиш учун очиқ. Аммо шу билан бирга, Индонезия халқаро қонунлар, шунингдек, БМТ Низоми қадриятлари ва тамойилларини қўллаш билан боғлиқ масалаларда жуда қатъий ва изчил", деган Ретно уч томонлама музокаралардан кўп ўтмай журналистларга.
Бундан ташқари, Жакартада Австралия, Ҳиндистон ва Индонезия Ташқи ишлар вазирлари орасида ҳам уч томонлама учрашув бўлиб ўтган.
Ретнонинг сўзларига кўра, иккита уч томонлама мулоқотда мамлакатларнинг ASEAN билан муносабатларига урғу берилган, тўрт вазир ҳам ASEAN’нинг марказлашувини, шунингдек, Индонезиянинг Жануби-Шарқий Осиё блокидаги раислигини қўллаб-қувватлаган.
Бугун, 13 июль куни эса Жакартага келган барча Ташқи ишлар вазирлари ASEAN саммити доирасида икки томонлама учрашувларда иштирок этиши режалаштирилган. Масалан, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва унинг ҳиндистонлик мавқедоши Субраманьям Жайшанкар ўртасида икки томонлама учрашув аллақачон ўтказилган.
“Биз икки томонлама иқтисодий масалаларни, шунингдек, Украинадаги можарога оид масалаларни муҳокама қилдик”, деб ёзган Жайшанкар Twitter’даги саҳифасида.
Хитой делегациясига бошчилик қилаётган Ван И ҳам Лавров билан икки томонлама учрашув ўтказган. Эндиликда у АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан икки томонлама учрашувлар ўтказиши кутилмоқда.
Маълумот учун, жорий йилнинг 12-14 июль кунлари Индонезия пойтахти Жакартада ASEAN’нинг Ташқи ишлар вазирлари даражасидаги тадбирлари бўлиб ўтади. ASEAN 1967 йил августда ташкил этилган ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, унинг асосий мақсади барча соҳаларда ҳамкорлик қилиш, Жануби-Шарқий Осиёда тинчликни мустаҳкамлаш ва барқарорлик яратишдир. Ташкилотга Индонезия, Малайзия, Сингапур, Таиланд, Филиппин, Бруней, Вьетнам, Лаос, Мьянма ва Камбоджа аъзо ҳисобланади. 2023 йилдаги вазирлар учрашувларида яқин келажакда ASEAN’нинг ўн биринчи аъзо давлати бўлишга тайёрланаётган Шарқий Тимор делегацияси ҳам қатнашмоқда. Хитой, Россия, АҚШ, Австралия, Янги Зеландия, Канада, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия минтақавий блокнинг тўлиқ мулоқот бўйича ҳамкорларидир. Бразилия, Норвегия, Покистон, Швейцария, Туркия ва Бирлашган Араб Амирликлари эса ASEAN’нинг "тармоқли" мулоқот бўйича ҳамкорларидир.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь