Жаҳон чемпионати: ўзбекистонлик 5 боксчи ярим финалга йўлланма олди
Спорт
−
19 Сентябрь 2019
4305Кеча, 18 сентябрь куни Россиянинг Екатеринбург шаҳри мезбонлик қилаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатининг ўнинчи кун баҳсларида -57 килограмм вазн тоифасида ўзбекистонлик Миразиз Мирзаҳалилов қозоғистонлик Қайрат Ералиевга қарши баҳс олиб борди.
Таъкидлаш жоиз, боксчилар мухлисларга ажойиб жанг намойиш қилиб беришди. Беллашув Мирзаҳалиловнинг ғалабаси билан якунланди ва ярим финалга йўл олган боксчилар сони 2 нафарга етди.
Чорак финал босқичини ўзбекистонлик боксчилардан Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг) болгариялик Даниель Асеновга қарши баҳс билан бошлаб берди.
Шиддатли ва муросасиз кечган беллашув якуни бўйича Шаҳобиддин Зоиров ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Шу тариқа, боксчи ўзи учун жаҳон чемпионатининг камида бронза медалини нақд қилиб қўйди. У финалга чиқиш учун франциялик Биллол Беннама билан тўқнаш келади.
Чорак финалда Бобоусмон Батуров (-69 кг) ушбу босқичда иорданиялик Зияд Иашаш билан ҳисоб-китоб қилди.
Фаолиятида илк бор катталар ўртасидаги дунё биринчилигида қатнашаётган Батуров ўзининг дебют чемпионатидан медаль билан қайтадиган бўлди. Бутун жанг давомида ўз устунлигини намойиш қилган Батуров ярим финал масаласини ижобий ҳал қилди.
Бу ўзбекистонликлар учун учинчи ярим финал йўлланмасидир.
Куннинг сўнгги жанги энг оғир вазн тоифасида Баҳодир Жалолов иштирокида кечди.
АҚШ вакили Ричард Торрес билан жанг олиб борган боксчи мутлақ устунлик намойиш этди. Биринчи раунд ўтиб бораётган пайтда Жалоловнинг чап қўлда йўллаган ажойиб зарбасидан кейин америкалик боксчи узоқ вақт ўрнидан тура олмади ва Жалолов ғалаба билан ярим финалга йўл олди. Шу тариқа бугун рингга кўтарилган 5 нафар ўзбекистонлик боксчининг барчаси ярим финал йўлланмасини қўлга киритдилар.
Регламентга кўра, бугун, 19 сентябрь – дам олиш куни ва финал учун кечадиган жанглар 20 сентябрда бўлиб ўтади. Қуйида ярим финалга йўл олган спортчилар номини яна бир карра эслаб ўтамиз:
-52 кг: Шаҳобиддин Зоиров
-57 кг: Миразиз Мирзаҳалилов
-69 кг: Бобоусмон Батуров
-81 кг: Дилшодбек Рўзметов
+91 кг: Баҳодир Жалолов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь