Жаҳон ҳарбий харажатлари рекорд даражага етди
Олам
−
24 Апрель 2023
78602022 йилда бутун дунёда қурол-аслаҳа харажатлари 3,7 фоизга ошиб, 2,24 триллион долларни ташкил этди. Европада эса ўсиш 30 йилдаги энг юқори кўрсаткични қайд этди. Бу ҳақда бугун, 24 апрель куни Стокгольм Халқаро Тинчлик Тадқиқот Институти (SIPRI) томонидан эълон қилинган ҳисоботда маълум қилинди.
Айтилишича, АҚШ, Хитой ва Россия энг кўп маблағ сарфлаган мамлакатлар учлигини ташкил этади. Бутун дунёдаги қурол-яроғ харажатларининг 56 фоизи шу уч мамлакат ҳиссасига тўғри келади. Украинадаги вазият ва Шарқий Осиёдаги кескинлик мазкур ҳаражатларнинг ортишига асосий сабаб бўлган.
Европада эса ҳарбий харажатларнинг ўсиши 13 фоизни ташкил этди. Бу Россия ва Украина ўртасидаги уруш билан бевосита боғлиқ. Украинага кўрсатилган ёрдам ва Россия Федерацияси томонидан таҳдид кучайгани ҳақидаги хавотирлар бошқа мамлакатларни ҳарбий бюджетларини қайта кўриб чиқишга ва уларни оширишга мажбур қилган.
“Сўнгги йилларда глобал ҳарбий харажатларнинг узлуксиз ўсиши биз тобора хавфли дунёда яшаётганимиздан далолат беради. Давлатлар яқин келажакда яхшиланишини кутмаган хавфсизлик муҳитининг ёмонлашувига жавобан ҳарбий қудратини кучайтирмоқда”, дейди SIPRI’нинг ҳарбий харажатлар ва қурол ишлаб чиқариш дастурининг катта тадқиқотчиси, доктор Нан Тян.
Ҳисобот муаллифларининг қайд этишича, Марказий ва Ғарбий Европа давлатларининг ҳарбий харажатлари Совуқ уруш даражасига қайтган. Марказий Европада улар ўтган йили 345 миллиард долларни ташкил этган ва биринчи марта 1989 йилдаги кўрсаткичдан ошиб кетган. Бу 2013 йилга харажатлардан 30 фоизга юқори ҳисобланади. Баъзи давлатлар аллақачон мудофаа харажатларини оширган, бошқалари буни ўн йил ичида амалга ошириш ниятида эканини эълон қилган. Ҳарбий харажатларнинг энг кескин ўсиши Финляндия (36 фоиз), Литвада (27 фоиз), Швеция (12 фоиз) ва Польшада (11 фоиз) қайд этилган.
Россия, АҚШ ва Украина томонидан харажатлар
АҚШ ҳарбий харажатлари энг юқори бўлган давлат бўлиб қолмоқда. 2022 йилда улар 877 миллиард долларни ташкил этди, бу жаҳон ҳажмининг 39 фоизига ва рейтингда иккинчи ўринни эгаллаган Хитойнинг ҳарбий харажатларидан уч баравар кўпдир. Ҳисобот муаллифларининг қайд этишича, агар 1981 йилдан буён энг юқори даражага етган инфляция бўлмаганида, АҚШ харажатларининг 0,7 фоизини ташкил этган ўсиши бундан ҳам каттароқ бўлар эди.
“АҚШ ҳарбий харажатларининг 2022 йилда ортиши, асосан, Украинага мисли кўрилмаган миқдорда молиявий ёрдам кўрсатиши билан боғлиқ. АҚШ харажатлари даражасини ҳисобга олсак, ҳатто кичик фоиз ўсиши ҳам жаҳон ҳарбий харажатлари даражасига сезиларли таъсир кўрсатади”, дейди Нан Тян.
2022 йилда АҚШнинг Украинага ҳарбий ёрдами 19,9 миллиард долларни ташкил этди. Бу Совуқ уруш тугаганидан бери бир мамлакатга ажратилган энг катта маблағ бўлсада, бу АҚШ умумий ҳарбий харажатларининг атиги 2,3 фоизини ташкил қилади. Ўтган йили АҚШ ҳарбий амалиётлар учун 295 миллиард доллар, қурол сотиб олиш, тадқиқот ва ишланмалар учун 264 миллиард доллар ва ходимлар учун 167 миллиард доллар ваъда қилган.
Россияда эса ҳарбий харажатлар 2022 йилда 9,2 фоизга ошиб, қарийб 86,4 миллиард долларни ташкил этган, бу ялпи ички маҳсулотнинг 4,1 фоизига тўғри келади. Бир йил аввал бу кўрсаткич ЯИМнинг 3,7 фоизини ташкил қилган эди. Ҳисобот муаллифлари 2022 йил учун Россия бўйича маълумотларнинг ноаниқлигини тахмин қилмоқда.
Украинанинг ҳарбий харажатлари эса 2022 йилда 44,0 миллиард долларга етган. Бу SIPRI маълумотларида қайд этилган мамлакат ҳарбий харажатларининг бир йиллик энг юқори ўсиши (640 фоизга) бўлган. Ҳаражатлар ортиши ва уруш оқибатида Украина иқтисодиётига етказилган зарар натижасида, ҳарбий юк ЯИМнинг 34 фоизигача кўтарилган.
Бошқа мамлакатлар
2022 йилда НАТОга аъзо давлатларнинг умумий харажатлари 1,232 триллион долларни ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 0,9 фоизга кўпдир. Марказий ва Ғарбий Европада Буюк Британия энг кўп ҳарбий харажатларга эга бўлган – 68,5 миллиард доллар, шундан 2,5 миллиард доллар (3,6 фоиз) Украинага ёрдам учун сарфланган.
Осиё ва Океанияда жами ҳарбий харажатлар 575 миллиард долларни ташкил этди, бу 2021 йилга нисбатан 2,7 фоизга ва 2013 йилга нисбатан 45 фоизга кўп.
Ҳарбий харажатлар бўйича дунёда иккинчи ўринда турувчи Хитой ўтган йили ҳарбий эҳтиёжлар учун 292 миллиард доллар ажратди. Бу 2021 йилга нисбатан 4,2 фоизга, 2013 йилга нисбатан 63 фоизга кўпдир.
Япониянинг ҳарбий харажатлари 2021 йилдан 2022 йилгача 5,9 фоизга ошиб, 46 миллиард долларни ёки ЯИМнинг 1,1 фоизини ташкил қилди. Бу 1960 йилдан бери бу энг катта ўсишдир.