Жээнбеков Жапаровдан бойроқ. Собиқ Президентнинг мол-мулки сарҳисоб қилинди

Олам

image

Солиқ хизмати Қирғизистоннинг собиқ Президенти Сооронбай Жээнбековнинг 2020 йилги даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этди. У ўтган йил давомида 944 минг 138 сом (11 131 доллар) даромад олган. Бу ҳақда “24.kg” нашри хабар бермоқда.

Декларация Жээнбековнинг даромадлари ҳақида маълум қилган, бироқ ҳаражатлари ҳақида сўз очмаган.

Декларацияга кўра, Жээнбеков умумий майдони 47,2 гектар бўлган 21 та қишлоқ хўжалиги ерлари, 0,1 гектар томорқа ер участкаси, 160 квадрат метр уй-жой ва МТЗ-80 русумли тракторга эга.

Собиқ давлат раҳбарининг энг яқин қариндошлари 2020 йилда 6,5 миллион сом (76 634 доллар) даромад орттирган. Уларнинг мулки 64 квадрат метр бўлган квартира, умумий майдони 24,66 гектар бўлган 11 та қишлоқ хўжалиги томорқаси ва иккита ишлаб чиқариш биносидан иборат. Бундан ташқари, Жээнбековнинг қариндошларида Lexus-470 русумли автомобиль, қорамол ва отлар ҳам бор.

Аввалроқ, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров 2020 йилда 247 минг 953 сом (қарийб 3 минг доллар) ишлаб топгани ҳақида хабар бергандик.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда 2020 йилнинг 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловларидан кейин, 7 фоизлик минимум овозни тўплай олмаган партия тарафдорлари норозилик намойишларини бошлади. Бир неча кун давом этган намойиш ва тартибсизликлар ортидан Бош вазир Кубатбек Боронов ва унинг Ҳукумати истеъфога чиқди. Намойишчилар давлат идораларини эгаллаб олди. 

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди. 

Ўша вақтдаги Президент Сооронбай Жээнбеков Бишкекда фавқулодда ҳолат жорий қилди ва пойтахтга ҳарбийлар киритилди. Бунинг натижасида вазият бироз тинчиди. Аммо намойишчилар Президентдан истеъфога чиқишини талаб қилди. Натижада 15 октябрда Жээнбеков халқига қарата ўқ узиб, қон тўкмаслик учун истеъфо берди.  

Унинг вазифасини вақтинча бажариши керак бўлган парламент спикери Канат Исаев бундан бош тортди. Натижада давлат раҳбари ваколати намойишлар ортидан Бош вазир бўлган Садир Жапаровга ўтди. 

Садир Жапаров Қирғизистонда жорий йилнинг 10 январь куни муддатидан олдин ўтказилган президентлик сайловида ғалаба қозонди. У 28 январь куни қасамёд келтириб, расман Президент лавозимида иш бошлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

388

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг