Зеленскийнинг атрофидагилар Трамп ва Путин учрашувини баҳолади
Олам
−
16 Август 9771 2 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский атрофидаги манбалар Россия раҳбари Владимир Путин ва АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Аляскадаги учрашувини баҳолади. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Financial Times” хабар берди.
Уларнинг фикрича, саммит якунида ҳеч қандай сезиларли ютуқ кузатилмаган. Украина Президентининг номи очиқланмаган бир ёрдамчиси Америка томони ҳали алоқа қилмаганини айтган ва вазиятни “жуда ғалати” деб атаган. Нашрнинг яна бир суҳбатдоши учрашувни “ҳеч нарсага арзимайдиган воқеа” деб таърифлаган.
Кеча, 15 август куни АҚШнинг Аляска штатида Трамп ва Путиннинг учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув Тошкент вақти билан бугун, 16 август куни соат 04:25 да якунланди. Аляскада бўлиб ўтган музокаралар якунида Трамп ва Путин биргаликдаги матбуот анжуманида қатнашди. Трамп анжуманда Зеленскийга ва НАТО вакилларига қўнғироқ қилиб, саммит натижалари ҳақида хабар беришини айтди.
“Жуда тез орада мен НАТОдаги ҳамкасбларимга қўнғироқ қиламан. Мен зарур деб билган одамларга қўнғироқ қиламан. Албатта, Ппрезидент Зеленскийга ҳам қўнғироқ қилиб, бугунги учрашув ҳақида айтаман”, деган Оқ уй раҳбари.
Матбуот анжуманидан олдин Путин ва Трамп “учга-уч” форматида тахминан 2 соат 45 дақиқа давом этган музокаралар ўтказди. Трамп кўплаб масалалар бўйича келишувга эришилганини таъкидлади, бироқ Украина масаласида ҳали битим йўқлигини қайд этди. Путин эса музокараларни фойдали деб атаб, Россия Украинага хавфсизлик бўйича ишлашга тайёрлигини билдирди. Давлат раҳбарлари журналистларнинг саволларига жавоб бермади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский Трамп ва Путин ўртасидаги учрашув Украина ва Россия ўртасида ҳақиқий тинчликка йўл очиши кераклигини айтганди. Украина Президенти Россия томонининг амалдаги ниятлари ва Аляска учрашувига тайёргарлиги бўйича разведканинг ҳисоботини кутаётганини маълум қилган.
Live
Барчаси