Зеленскийни ўлдирмоқчи бўлган аёл ушланди

Олам

image

Украина махсус хизматлари кеча, 7 август куни мамлакат Президенти Владимир Зеленскийга қарши суиқасд уюштиришда гумонланган аёлни ҳибсга олди. Бу ҳақда Украина Хавфсизлик хизмати хабар берди. 

“Хавфсизлик хизмати Украина президентининг Николаев вилоятига яқинда амалга оширилган хизмат сафари арафасида режалаштирилган ташриф ҳақида тезкор маълумот йиғаётган Россия Федерацияси махсус хизматлари маълумотчисини қўлга олди. Жиноятчи давлат раҳбарининг тахминий йўналиши бўйича вақт ва манзиллар рўйхатини белгилашга уринган”, дейилади Украина Украина Хавфсизлик хизмати хабарида. 

Баёнотда айтилишича, суиқасдда гумон қилинаётган аёл Зеленский ташриф буюрган Очакив шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирининг ҳудудидаги ҳарбий дўконнинг собиқ сотувчиси бўлган. Аёл жорий йилнинг 1 август куни ҳибсга олинган. Унинг шахси ҳозирча ошкор қилинмаяпти. 

Қўлга олинган аёлга Россия разведка хизматлари Очакив вилоятида электрон уруш тизимлари ва Украина қуролли кучларининг ўқ-дорилари сақланадиган омборлар жойлашувини аниқлаш вазифасини ҳам топширган. Бу эса Россия томонига кейинчалик Николаев вилоятига ҳаво ҳужумларини уюштириш учун ёрдам бериши мақсад қилинганди. 

“Разведка маълумотларини йиғиш учун у туман ҳудудини айланиб чиқди ва Украина ҳарбий объектлари жойлашган ерларни суратга олди”, дейилади хабарда. 

Аёлга қўйилган айблов тасдиқланса, у 12 йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. 

Маълумот учун, Зеленский Россиядан қайтариб олинган ҳудудларга ва фронтга яқин жойларга тез-тез эълон қилинмаган ташрифларни амалга ошириб туради. Бундай сафарлар Россиянинг эҳтимолий ҳужумлари туфайли ўта эҳтиёткорликни талаб қилади. Украина раҳбари жорий йилнинг июль ойи охирида жанубий вилоятлар – Одесса ва Николаевга ҳам борганди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинада Зеленский вафот этган тақдирда нима қилиш бўйича режа мавжудлиги айтилганди. Шунингдек, Украина Президентининг ўзи ўлдирилган тақдирда мамлакат фавқулодда вазиятда етакчисидан маҳрум бўлмаслиги учун режа тузиб қўйилганини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

суиқасд Зеленский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг