Зеленскийга ЕИ саммитида “ғалаба режаси”ни тақдим этиш таклиф қилинди
Олам
−
16 Октябрь
2326Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель Украина Президенти Владимир Зеленскийни 17 октябрь куни бўлиб ўтадиган ЕИ саммитида иштирок этишга таклиф қилди. Бу ҳақда европалик сиёсатчи кеча, 15 октябрь куни Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
“Мен Президент Зеленскийни Европа Кенгаши саммитига таклиф қилдим, шунда у Россиянинг Украинага қарши урушидаги сўнгги воқеаларни баҳолаб, ғалабага эришиш режасини тақдим этиши мумкин бўлади", дейди Мишель.
2024 йил сентябрь охирида АҚШга ташрифи чоғида Владимир Зеленский мамлакатнинг амалдаги Президенти Жо Байденга, шунингдек, бу лавозимга номзодлар Камола Ҳаррис ва Дональд Трампга ўзининг "Кремль томонидан бошланган урушда Украина учун ғалаба режаси“ни тақдим этганини айтди. Бироқ кейинроқ “The Wall Street Journal” Оқ уйдаги манбаларига таяниб, Зеленскийнинг режаси “кенг қамровли стратегия” йўқлиги сабабли Байден маъмуриятини “таассурот қолдирмагани” ҳақида хабар берди.
Октябрь ойида Владимир Зеленский Ғарбий Европанинг юқори мартабали сиёсатчилари билан “ғалаба режаси”ни муҳокама қилган эди. Хусусан, сафари давомида Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер, Франция Президенти Эммануэль Макрон, Италия Бош вазири Жоржия Мелони, Германия канцлери Олаф Шольц ва яқинда тайинланган НАТО Бош котиби Марк Рютте билан учрашди.