Зеленский Европа лидерларидан бирига сим қоқди
Олам
−
09 Август 6567 2 дақиқа
Бугун, 9 август куни Украина Президенти Владимир Зеленский Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер билан телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда Украина раҳбари ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
Зеленский Стармерга Украинани қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирган.
“У бизни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдираман. Украина учун чинакам барқарор тинчлик зарурлигини ва Россиянинг имконсиз нарсани муҳокама қилаётганини бирдай кўрамиз”, дея ёзган Зеленский.
Унинг сўзларига кўра, аниқ қадамлар, ҳамкорлар билан максимал даражадаги бирлашиш масаласи бўйича суҳбатлар ўтказилган.
“Британия, АҚШ ва барча ҳамкорларнинг урушни тугатишга бўлган қатъий интилишини қадрлаймиз. Биз конструктив дипломатия ва ишлайдиган ечимлар йўлида фаол иш олиб боряпмиз. Кейинги алоқаларни келишиб олдик”, дея қўшимча қилган Владимир Зеленский.
Икки давлат раҳбари ўртасидаги бу суҳбат Путин ва Трамп ўртасидаги учрашувга оз фурсат қолган бир пайтда рўй бермоқда. АҚШ ва Россия Президентлари 15 август куни АҚШнинг Аляска штатида учрашиши режлаштирилган. Баъзи бир манбаларга кўра, учрашувда Европа вакиллари ҳам иштирок этиши мумкин, лекин бу хабарлар расман тасдиқланмаган.
Учрашувда ҳудудлар алмашинуви масаласи ҳам кўрилиши мумкин. Зеленский ҳудудий имтиёзларга қўйиладиган ҳар қандай шартни қатъиян рад этган. Шуни ҳисобга олиб айтиш мумкинки, Украина Президенти Владимир Зеленский ва Путин тинчлик шартларида бир-биридан анча узоқда. Қолаверса, Украина ва европаликлар бундай келишувга рози бўладими ёки йўқми, номаълумлигича қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Оқ уйдаги манбага таяниб, CBS News нашри Зеленский ҳам АҚШ ва Россия Президентлари – Дональд Трамп, Владимир Путин ўртасида бўлиб ўтиши керак бўлган музокараларда иштирок этиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди.
Live
Барчаси