Зеленский Украинанинг йил охиригача ютишига шубҳа қилди
Олам
−
20 Сентябрь 2023
9695Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакат Қуролли кучлари йил охиригача қарши ҳужумда муваффақиятга эриша олиш ёки олмаслигини билмайди. Бу ҳақда у CNN телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
"Менимча, буни ҳеч ким билмайди, ростан ҳам. Аммо ўйлайманки, биз кўпроқ муваффақиятларга эришамиз", деган Зеленский Украина шарқида эришган ютуқларини таъкидлаб.
Шунингдек, Президент АҚШдан кўпроқ узоқ масофага учувчи ракеталарни олишга эътибор қаратишини айтган ва Украина уларнинг Россияни нишонга олишини эмас, балки икки томон ўртасидаги жанг майдонининг имкониятларини бир даражада ушлаб туришини исташини билдирган.
“Агар қурол-яроғ таъминланмаса, бу биз учун йўқотиш бўлади. Бу жанг майдонида ва бошқа жойларда кўпроқ қурбон берилишига олиб келади”, дейди Президенти.
Шу ўринда, Украина раҳбари кўпроқ ҳаво мудофаа тизимлари, хусусан, АҚШда ишлаб чиқарилган Patriot ҳаво мудофаа тизими зарурлигини яна бир бор таъкидлаб, улар тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларни ҳимоя қилиш учун кераклигини айтган.
Бундан ташқари, Зеленскийдан Украинанинг Россия томонидан босиб олинган Қримдаги ҳарбий стратегияси юзасидан Вашинтон ва Киев расмийлари ўртасидаги зиддият ҳақида ҳам сўралган. Маълумки, АҚШ расмийлари Украинанинг Россия логистикаси ва таъминот ҳаракатларини бузиш учун ракета зарбаларини кучайтираётганидан шубҳаланмоқда.
"Биз ҳам худди шундай фикрдамиз. Вақтинчалик босиб олинган Қрим – бу бизнинг тинч аҳолимизни ўлдириш учун қурол сақланадиган жой. Улар Қримдан бизнинг ҳудудимизга қарата ўт очяпти. Ва, албатта, биз уларнинг ракеталари қаердан келаётганини кўришимиз ва бу билан шуғулланишимиз керак", деган Президент Зеленский.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Владимир Зеленский АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампни Украинада тинчликка эришиш режасини омма олдида баҳам кўришга чақирганди.
LiveБарчаси