Зеленский украиналик асирларнинг бошини узган рус ҳарбийларини “ҳайвонлар” деб атади
Олам
−
13 Апрель 2023
15510Украина Президенти Владимир Зеленский ижтимоий тармоқларда украиналик ҳарбий асирларнинг боши Россия аскарлари томонидан узиб олинаётгани тасвирланган видеолар бўйича муносабат билдириб, бу ишни амалга оширганларни “ҳайвонлар” деб атади. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Унга кўра, ушбу ҳолат тасвирланган видеолар алоҳида пайтларда олинган бўлиши мумкин. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган биринчи видео шу йилнинг 8 апрель куни тарқалган бўлиб, у “Вагнер” гуруҳининг россиялик ёлланма аскари томонидан суратга олинган. Унда бузилган ҳарбий машина ёнида ерда ётган икки украиналик аскарнинг боши кесилган жасадлари акс этган. Ушбу видео Бахмут яқинида олингани тахмин қилинмоқда.
Twitter'да эълон қилинган иккинчи лавҳа ёз ойларидан бирида олинган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Унда россиялик жангчи пичоқ билан украиналик аскарнинг бошини кесиб ташлаганини кўриш мумкин. Видеонинг бошидаги овоз ҳужум бошланганда қурбон ҳали тирик бўлган бўлиши мумкинлигини англатади.
Зеленский ушбу ваҳшийлик ортида турганлар жавобгарликка тортилишини ваъда қилди.
“Дунёда ҳеч ким инкор қилмайдиган нарса бор: бу ҳайвонлар одамларни қанчалик осон ўлдиради?! Биз ҳеч нарсани унутмаймиз. Биз ҳам қотилларни кечирмаймиз. Ҳар бир нарса учун қонуний жавобгарлик бўлади. Террорни енгиш зарур”, дейди у видеомурожаатида.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков эса биринчи навбатда тасвирларнинг ҳақиқийлиги текширилишини маълум қилган.
“Албатта, бу даҳшатли кадрлар. Кейин бу ҳақиқатми ёки йўқми, бу содир бўлганми ва шундай бўлса, қаерда ва қайси томонданлигини текшириш керак”, дейди Песков.
Украина Президенти девони маслаҳатчиси Дария Заривна эса ҳарбий асирларнинг боши кесилиши Украина аскарларини қўрқитишга қаратилган психологик операция эканини таъкидлаган.
“Бу террористик мамлакатнинг моҳиятини бутунлай ноинсонийлаштиради ва намойиш этади. Аммо мақсадни тушуниш муҳим. Бу қўрқитишга қаратилган психологик операция. Мақсадли аудитория нафақат Украина, балки Ғарб жамиятларидир. Аммо бу бизга ўтмайди. Руслар бундан қўрқишади, лекин биз эмас", дейди Зривна.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Украинанинг Буча шаҳри Россия қўшинларидан озод қилинганидан сўнг шаҳар кўчаларида тинч аҳолининг жасадлари ташлаб кетилганди. Ушбу ҳолат дунё ҳамжамияти томонидан кескин танқид қилинган.
LiveБарчаси