Зеленский Украинада ФЕТО масаласини ҳал қилишни буюрди

Олам 4062
image

Президент Владимир Зеленский Украина хавфсизлик хизматига Туркияда давлат тўнтариши ўтказишга уринган Фатҳуллоҳ Гуленнинг ФЕТО ташкилоти тарафдорларини аниқлаш ва уларни ҳибсга олишни буюрди. Бу ҳақда у Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан ташкил этилган брифингда айтиб ўтди.

“Украинада ўқув муассасалари ортида турган ташкилотни тақиқлашга келсак, биз бу мавзуни бугун тафсилотлари билан муҳокама қилдик. Бу масала узоқ йиллар Украина ва Туркия ўртасидаги масалалар кун тартибида турган. Мен бугун жуда тўлиқ маълумотлар, аниқ фамилиялар олдим. Буларнинг барини Украина хавфсизлик хизмати раҳбариятига бердик”, деган Зеленский.

Аввалроқ, Туркия Президенти Украинага боргани ҳақида хабар берган эдик. Эрдўғанга Адлия вазири Абдулҳамид Гул, Ғазна ва молия вазири – куёви Берат Олбайроқ, Савдо вазири Руҳсор Пекжан, Ахборот ва оммавий коммуникациялар вазири Фаҳриддин Алтун ҳамроҳлик қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йил 15 июль куни Туркияда бир гуруҳ ҳарбийлар давлат тўнтариши ўтказишга уринганди. Тўнтариш турк халқининг кўчаларга чиқиб ҳарбийларга қарши чиқиши сабабли муваффақиятсиз якунланганди. Аммо қуролли тўқнашувларда 251 киши қурбон бўлди, 2740 киши жароҳатланди. 378 бола отасиз ва онасиз қолди.

Ушбу давлат тўнтаришига ҳаракат айни дамда АҚШнинг Пенсильвания штатида истиқомат қилиб келаётган Фатҳуллоҳ Гулен бошчилигидаги FETO террористик гуруҳи ва унинг давлатдаги корчалонлари орқали амалга оширилгани маълум қилинди.

Мамлакат хориждаги элчихоналари орқали Фатҳуллоҳ Гулен ҳаракати ҳақида баёнотлар берди, қўшнилари, дўстларини, дунёни огоҳликка чақирди, Гуленга тегишли хусусий мактаблар, университетларни ёпиш юзасидан таклиф киритди ва буни ўзи бошлаб берди. Юзлаб мактаблар ёпилди, ўқитувчилар лавозимлардан озод этилди, айримлари жиноий жавобгарликка тортилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 80
Рейтинг: 2.9
t
×