Зеленский Украина қўшинларидаги йўқотишлар қанчалигини очиқлади
Олам
−
26 Февраль
7689Украина Президенти Владимир Зеленский Россия раҳбари Владимир Путин билан музокаралар ўтказиш эҳтимолини ҳозирча кўрмаётганини айтди. Бу ҳақда у кеча, 25 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўз очди.
Зеленский Россия Президенти билан суҳбати ҳақида гапирди. У 2019 йилда Путин билан учрашган. Зеленскийнинг айтишича, ўшанда томонлар Минск келишувлари, табиий газ етказиб бериш ва асирларни алмашиш масалаларини муҳокама қилган. Унинг қўшимча қилишича, Россиянинг таклифлари 20 йил давомида музлатилган можаро ҳолатида қолишни англатади, бу эса уруш тугамаганидан далолат беради.
Украина раҳбарининг таъкидлашича, ҳозирда у Путин билан тинчлик бўйича мулоқот қилиш учун зарур шартларни кўрмаяпти.
“Путин билан музокаралар столига ўтиришнинг ҳамон имкони йўқ, чунки у ҳеч кимни ёки ҳеч нарсани эшитишни истамайди”, дейди Зеленский.
Зеленскийга кўра, жанг майдонидаги вазиятнинг ривожланиши, хусусан, йўқотишлар масаласи Украинанинг ҳамкорлари ва уларнинг ёрдамига боғлиқ.
Шунингдек, у Украина бу урушда мағлуб бўлмаётганини таъкидлади. Зеленский Украинанинг “ғалаба қозонишдан бошқа иложи йўқлигини” таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, 2022 йил февралидан бери Украина қўшинларининг йўқотишлари 31 минг кишини ташкил қилган. Унинг қўшимча қилишича, ҳалок бўлганларни ярадорлар ва бедарак йўқолганлар рўйхатига кирита олмайди.
Зеленский Украинанинг НАТОга кириши масаласидан ҳам гап очди. Унга кўра, бу масалада асосий сўз АҚШ ва Германияга тегишли. Зеленский Украинани НАТОга таклиф қилишда ҳеч қандай хавф-хатар кўрмаётганини таъкидлади.
Шунингдек, Зеленский Туркия дон йўлагини кенгайтириш учун Николаев вилояти портларини блокдан чиқаришга дипломатик даражада ёрдам беришига умид билдирди.
“Янги дон келишувига келсак, мен Президент Эрдўғанга айтганимдек, биз бу йўлакларни кенгайтириш тарафдоримиз. Агар қўшимча имкониятлар пайдо бўлса, биз миннатдор бўламиз, лекин ҳозир ишлаётган нарсага муқобил вариант қидирмаяпмиз”, дейди Украина раҳбари.
Зеленский Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Украина донини жўнатиш учун Николаев портини очишда Украинага ёрдам бера олишига ишонч билдирди.
LiveБарчаси