Зеленский тинчлик музокаралари учун делегация таркибини тасдиқлади
World
−
15 March 2025 10908 2 minutes
Украина Президенти Владимир Зеленский тинчлик музокаралари учун Украина делегацияси таркибини тасдиқлади. Тегишли фармойиш бугун, 15 март куни давлат раҳбарининг расмий сайтида эълон қилинди.
Унинг матнига кўра, музокаралар гуруҳига Украина Президенти девони раҳбари Андрей Ермак, унинг ўринбосари Павло Палиса, Украина Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Андрей Сибига ва Украина Мудофаа вазири Рустам Умаров киритилган. 11 март куни Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида АҚШ делегацияси билан бўлиб ўтган музокараларда айнан шу Украина вакиллари иштирок этган.
Буйруқда қайд этилишича, Украина делегациясига Ермак бошчилик қилади. Унга Украина Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда музокаралар гуруҳи таркибига ўзгартиришлар киритиш ва унинг ишига ҳукумат вакиллари, экспертлар ва илмий маслаҳатчиларни жалб қилиш ваколати берилади.
Жиддадаги музокараларда Украина АҚШнинг 30 кунлик вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги таклифига рози бўлди, бироқ Россия ҳамон бунга розилик бермаяпти.
“Reuters”нинг россиялик манбаларга таяниб ёзишича, Россия Президенти Владимир Путин ҳеч қандай аниқ кафолатлар ва ваъдаларсиз бундай қадамга рози бўлиши даргумон.
Украина Ташқи ишлар вазири Сибига кеча, 14 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Украина эҳтимолий ўт очишни тўхтатиш режимини кузатиш бўйича тегишли “алгоритмлар”ни ишлаб чиқиш бўйича гуруҳ тузишга киришганини маълум қилди.
“Биз аллақачон мумкин бўлган сулҳни тўғри назорат қилиш учун тегишли ҳаракатлар алгоритмларини ишлаб чиқадиган миллий жамоани шакллантиришни бошладик. Бу жуда мураккаб жараён”, деди у.
Ўз навбатида, АҚШ Президенти Дональд Трамп ўша куни ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида Владимир Путин билан “яхши ва самарали” музокаралар ўтганини маълум қилди ва Украинадаги урушнинг тугашига умид билдирди.
Live
AllBloger Aziz Hakimov 4 yilga qamaldi
11 August
Putin hech narsadan qo'rqmasligini aytdi
11 August