Зеленский Россияни ҲАМАСга ҳомийлик қилишда айблади

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг фиркича, Россия ҲАМАСга ҳомийлик қилган. Бу ҳақда у кеча, 5 ноябрь куни NBC News телеканалидаги “Meet the Press” дастурига берган интервьюсида сўз очди.

“Албатта, Россия Исроил ва Фаластин ўртасидаги инқироз билан диққат Украинадан Яқин Шарққа қаратилаётганини тушунади. Шубҳасиз, Россия бу урушдан хурсанд. Улар у ерда қанча бола ўлдирилганини ҳисобламайди. Улар байроқ ёки миллат ҳақида ўйламайди”, деган Зеленский.

Президентнинг даъво қилишича, Россия дунёни ажратишни, халқаро эътиборни Украинадан янги урушга ўтказишни хоҳлайди. Эрон эса Украинадаги каби, Яқин Шарқда ҳам Россияни қўллаб қувватламоқда.

“Урушни тугатиш ва музокаралар столига келиш учун биз Россия ва Эронга босим ўтказишимиз керак – бунга Шимолий Кореяни ҳам қўшган бўлардим. Ғазо секторида Шимолий Кореянинг қанча қуроллари топилганини кўрдингиз. Бу ҳақиқат, мутлақ ҳақиқат”, деган Зеленский.

Зеленскийдан “Исроил ҳарбий жиноятлар содир этаётганига ишонасизми?” деб сўралганда эса у қуйидагича жавоб берган:

“Тўғрисини айтсам, биз бунга янгиликдек қараймиз ва бу умуман янги ҳолат эмас. Бу Исроил ва Фаластин ўртасида ёнаётган олов ва баъзи одамлар бу оловга гугурт ташлади. Ишончим комилки, Россия худди Эрон каби ҲАМАСни қўллаб-қувватлаган ва ҳомийлик қилган. Агар қонунлар, адолат ҳақида гапирадиган бўлсак – террорчилар бор жойда қонунлар йўқ, ҳамма қонундан ташқарида. Ҳамма ўз ҳаётини сақлаб қолишга, бор кучини ишга солиб душманга қарши курашишга ҳаракат қилмоқда. Агар террорчилар ҳужум қилса, болаларнинг бошини кесиб ташласа, сиз одамларни ҳимоя қилишга, ўз фуқароларингиз ва мамлакатингизни ҳимоя қилишга тўлиқ ҳуқуқингиз бор”, деган Украина раҳбари.

Шунингдек, Президент Зеленский Исроилга боришга тайёр эканини яна бир бор эслатган.

“ҲАМАС террор ташкилоти Исроилга ҳужум қилган биринчи кунданоқ биз бу тажовузни қораладик ва мен Исроилга боришга тайёр эканимни айтдим. Сафар қачон бўлишини айтиш қийин, чунки мен урушаётган давлатнинг Президентиман ва сиз бизнинг жанг майдонимиз жуда қайноқ эканини биласиз, шунинг учун менинг ташрифим маълум омилларга боғлиқ”, деган Зеленский.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Яқин Шарқни англо-cаксон кучлари катта уруш жарига итараётгани ва Ғарбнинг бу чизиғи анъанавий равишда терроризмнинг кучайишига ҳамда кўп миллионли қочқинлар оқимига олиб келишини айтганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Владимир Зеленский Фаластин Исроил ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг