Зеленский Макрон билан бир соат гаплашди
Олам
−
18 Июль 2546 2 дақиқа
Бугун, 18 июль куни Франция Президенти Эммануэль Макрон Украина раҳбари Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Зеленский ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
Украина Президентига кўра, унинг Макрон билан суҳбати бир соат давом этган. Томонлар Украина фронтидаги вазият ва мамлакатнинг долзарб мудофаа эҳтиёжларини муҳокама қилган.
“Эммануэлга ҳақиқий стратегик қарашлари ва айнан бизнинг аскарларимизга керак бўлган ёрдам кўрсатишга тайёрлиги учун миннатдорлик билдираман”, деган Зеленский.
Шунингдек, суҳбат давомида Украина ҳаво мудофаасини мустаҳкамлаш масаласи батафсил муҳокама қилинган. Жумладан, SAMP/T тизимлари учун ракеталар етказиб бериш ва дронга қарши курашувчи дронлар учун молиявий кўмак бўйича келишувларга тўхталиб ўтилган.
“Яқин орада Франция ва бошқа ҳамкорлар билан бирга, мудофаа ва ташқи ишлар вазирлари даражасида фуқароларимизни Россия ҳужумларидан ҳимоя қилиш бўйича янги чораларни тайёрлаймиз”, дея билдирган Украина раҳбари.
Қолаверса, давлат раҳбарлари Miraj қирувчи самолётлари учун учувчилар тайёрлаш борасида келишиб олган. Макрон Франция қўшимча учувчиларни қабул қилиш ва уларни самолётларда ўқитишга тайёрлигини билдирган.
“Европа Иттифоқининг 18-санкциялар пакетини шакллантириш ва илгари суришда Франциянинг сезиларли ҳиссаси учун алоҳида миннатдорлик билдираман. Биз америкалик ҳамкорларимиз билан ҳам Россияга нисбатан глобал босимни кучайтириш устида ишлаяпмиз. Урушнинг ҳар бир чўзилиши Россия учун оғриқли оқибатлар билан тугаши керак”, дея қўшимча қилган Зеленский.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ НАТОнинг Европадаги учта давлати – Франция, Италия ва Чехия Украина учун Америка қуролларига пул тўлаш ташаббусида иштирок этишдан бош тортгани ҳақида хабар берилганди.