Зеленский кутилмаганда Ослога борди

Олам

image

Бугун, 13 декабрь куни Украина Президенти Владимир Зеленский эълон қилинмаган ташриф билан Скандинавияга борди. Унинг самолёти Вашингтондан учиб, Ослога қўнди. Украина раҳбари ижтимоий тармоқларда Норвегияга “Украина-Шимолий Европа” иккинчи саммитида иштирок этиш учун борганини ёзди.

"Норвегия, Дания, Исландия, Финляндия ва Швеция раҳбарлари билан биргаликда мудофаа, сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Европадаги умумий келажагимиз ҳақида гаплашамиз. Мақсадимиз – қитъада хавфсизлик ҳамда адолатли ва мустаҳкам тинчлик", дейди Зеленский.

Маълумотларга кўра, саммит иштирокчилари билан бўлиб ўтадиган икки томонлама музокараларда, жумладан, Москва бошлаган урушда Украинани қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда. Украина Президентининг ташрифи дастуридан Норвегия қироли Харальд V билан учрашув, Норвегия парламентига ташриф, маҳаллий сиёсатчилар ва тадбиркорлар билан учрашувлар ҳам ўрин олган.

Норвегия Бош вазири Йонас Гар Стёре Facebook'да Зеленскийни мамлакатда “илиқ кутиб олишини” ёзган. У Норвегия эркинлик ва демократия учун курашда “Украина мудофаасини қўллаб-қувватлашда давом этишини” қўшимча қилган.

“Бу бизнинг эркинлигимиз ва хавфсизлигимиз учун ҳам муҳим. Зеленский ва мен бугун учрашувда гаплашадиган мавзулардан бири шу”, деган Бош вазир.

Маълумот учун, Владимир Зеленский сўнгги бор Скандинавия давлатлари раҳбарлари билан 2023 йилнинг май ойида Хельсинкидаги саммитда учрашган. Финляндия Президенти девонига кўра, Ослодаги саммит ушбу форматнинг давоми ҳисобланади. Норвегия матбуотига кўра, бу Украина Президентининг Норвегияга илк ташрифидир.

Эслатиб ўтамиз, Владимир Зеленский кеча, 12 декабрь куни Вашингтонда АҚШ Президенти Жо Байден билан учрашганди. Оқ уйнинг Овал кабинетида бўлиб ўтган учрашувда Байден Украинага 200 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини тасдиқлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Владимир Зеленский Норвегия Скандинавия Осло

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг