Зеленский Хитойнинг тинчлик ташаббусига муносабат билдирди
Олам
−
24 Февраль 2023
15727Аввал хабар берганимиздек, бугун, 24 февраль куни Хитой Украинадаги инқирозни сиёсий йўл билан ҳал қилиш бўйича таклифларини эълон қилган эди. Украина Президенти Владимир Зеленский ушбу таклифлар бўйича ўз фикрини билдирди. Бу ҳақда Украинанинг UNIAN нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Зеленский Киевда Испания бош вазири Педро Санчес билан қўшма брифинг ўтказаётганда журналистлар ундан Хитой таклиф қилган тинчлик режаси ҳақида сўраган. У эса бу ҳужжатни ҳали кўрмаганини, шунингдек, Украинанинг Хитой билан учрашиши мақсадга мувофиқлиги ва бу сигнал Хитой томонига дипломатлар даражасида етказилганини таъкидлаган.
“Мен фақат умумий нарсаларни биламан. Ҳужжатни кўрганим йўқ. Шунинг учун бу ҳужжатга “ташхис қўйиш”га ҳали эрта”, деган Зеленский.
Унинг айтишича, Хитойнинг Украина ҳақида гапира бошлагани ва айрим сигналлар юборилаётгани жуда яхши. Украина учун барча давлатлар у тарафда бўлиши жуда муҳим. Зеленский Хитойнинг бу ҳақда гапираётганини дастлабки қадамлар деб билади. Бироқ у Хитой таклиф қилаётган нарсанинг ўзига хос жиҳатларини кўрганидан кейин қандайдир хулосалар чиқариши, шундан кейин нимадир аниқ бўлишини айтган.
Шунингдек, у Украина ва Хитой ўртасида учрашув ўтказиш мақсадга муофиқлиги, бундай учрашув Украина манфаатларига мос келишини билдирган.
“Тинчлик формуласида қанча кўп давлат иштирок этса, Украинадаги урушни суверенитетимизни ҳурмат қилган ҳолда тугатиш шунча тезроқ бўлади”, дейди Зеленский.
Хитойнинг Россия-Украина урушидаги позицияси
Украинадаги уруш бошланганига бир йил тўлган бўлсада, Хитой шу пайтгача расман бетараф бўлиб келмоқда. Бироқ АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари уни Россияни қўллашда гумон қилиб келади. Хусусан, 18 февраль куни АҚШ вице-президенти Камала Харрис Германиянинг Мюнхен шаҳрида бўлиб ўтган 59-хавфсизлик конференциясида АҚШ Украинада Россия босқини бошланганидан кейин Хитой ва Россия муносабатлари яхшиланишидан хавотирда эканини билдирганди. У Хитой ҳукуматини Россияга урушда қўлланилиши мумкин бўлган ҳалокатли қуролларни бермаслик ҳақида огоҳлантирган эди. Конференцияда Хитой вакили сифатида иштирок этган Коммунистик партия Марказий қўмитасининг ташқи алоқалар бўлими раҳбари Ван И Хитой Украина ва Россия учун ўзининг тинчлик таклифларини тақдим этишини айтганди. Бироқ кейинчалик Хитойнинг БМТдаги вакили Чжан Жун бу тинчлик режаси эмас, балки Хитойнинг расмий позициясига эга ҳужжат эканлигини айтган.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси