АҚШ Россия ва Хитой ўртасидаги муносабатлар яхшиланишидан хавотир билдирди
Олам
−
18 Февраль 2023
8601АҚШ Украинада Россия босқини бошланганидан кейин Хитой ва Россия муносабатлари яхшиланишидан хавотирда. Бу ҳақда бугун, 18 февраль куни АҚШ вице-президенти Камала Харрис Германиянинг Мюнхен шаҳрида бўлиб ўтаётган 59-хавфсизлик конференциясида сўзлаган нутқида маълум қилди.
“Биз Россиянинг Украинага босқини бошланганидан кейин Пекиннинг Москва билан муносабатлари яхшиланаётганидан хавотирдамиз. Биз Россияни қурол-яроғ билан таъминловчи Шимолий Корея ва Эрон каби давлатлар борлигини ҳам кўряпмиз”, деган Камала Харрис.
Таъкидлаш жоизки, ўтган йилнинг декабрь ойи охирида АҚШ Давлат департаменти Вашингтон Пекиннинг Москвага ҳарбий ёрдам кўрсатиш ва санкцияларни четлаб ўтишда тизимли имкониятлари нуқтаи назаридан диққат билан кузатаётганини билдирган эди. АҚШ расмийлари Хитой ҳукуматини Пекин томонидан бундай қадамлар қўйилган тақдирда чора кўришга тайёрлиги ҳақида огоҳлантирганини ҳам таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Германиянинг Мюнхен шаҳрида 59-хавфсизлик конференцияси бўлиб ўтмоқда. Украинадаги уруш форумнинг асосий мавзуси бўлиб турибди. Тадбирда АҚШ томонидан вице-президент Камала Харрис ва Давлат котиби Энтони Блинкен, Хитой тарафдан Коммунистик партия марказий қўмитаси ташқи ишлар комиссияси девонхонаси раҳбари Ван И, Германия канслери Олаф Шольц ва Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак каби дунё лидерлари иштирок этмоқда.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси