Зеленский “қора шаҳзода” билан учрашди
Олам
−
28 Февраль
9953Украина Президенти Владимир Зеленский кеча, 27 февраль куни Саудия Арабистонига борди. У ерда Зеленский мамлакат Бош вазири ва валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашди. Бу ҳақда Президент ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Зеленский Саудия Арабистонига валиаҳд шаҳзода билан мунтазам мулоқотни давом эттириш учун борганини ёзган.
Томонлар Украина тинчлик формуласи, маҳбуслар алмашинуви ва мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган.
“Ўтган йили Жиддада уни амалга ошириш бўйича маслаҳатчилар даражасида самарали учрашув ўтказдик. Биз ҳозир биринчи Тинчлик саммитини ўтказишга яқинмиз ва Саудия Арабистонидан давомий фаол ёрдамни кутамиз. Музокараларнинг иккинчи мавзуси – маҳбуслар ва депортация қилинганларни қайтариш. Ишончим комилки, бу учрашув натижа беради”, дейди Зеленский.
Президентнинг айтишича, томонлар иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ва Саудия Арабистонининг Украинани тиклашдаги иштирокини ҳам муҳокама қилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрь ойида Россия Президенти Владимир Путин Саудия Арабистонига борган ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашганди.