Зеленский қийинчилик билан очилган “дон йўлаги”дан доимий экспорт учун фойдаланмоқчи

Олам 4186
image
-

Украина ўз портларидан ғаллани мунтазам ва узлуксиз экспорт қилишни хоҳлайди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский айтиб ўтган.

"Бугун Украина дони бўлган биринчи кема Қора денгиздаги махсус йўлак бўйлаб маршрутни босиб ўтиб, Босфор бўғозига етиб келди. Бу йўлак бизнинг портларимизни блокдан чиқарилишига ёрдам берди. 

Бизнинг эндиги мақсадимиз мунтазамликни таъминлаш, шунда битта кема жўнаб кетганда, портда шай бўлиб турган бошқа кемалар ҳам чиқиб кета олади. Узлуксизлик ва мунтазамлик зарурий тамойилдир”, дейди Зеленский.

Айтиш жоизки, кеча, 2 август куни кечқурун Украина донини экспорт қилувчи биринчи “Рацони” юк кемаси Истанбулга етиб келди ва лангар ташлади. У Одесса портидан йўлга чиққанди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Россия Миллий Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Украина Инфратузилма вазири Александр Кубраков иштирокида “Дон йўлаги” ҳужжати имзоланди. Украинадан ғалла экспорти бўйича келишув Одесса, шунингдек, Черноморск ва Южнийдан хавфсиз йўлакларни яратишни назарда тутади. Ушбу келишув жаҳон бозорларига камида 25 миллион тонна дон етказиб бериш имконини беради.

Украина Қуролли Кучларининг “Жануб” оператив қўмондонлиги Истанбулда шартнома тузилганига 24 соат тўлмасдан, 23 июль куни эрталаб Россия ҳарбийлари Одесса денгиз савдо портига “Калибр” ракеталари билан ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берди.

Украина ТИВ  ҳужумга муносабат билдириб, Россия ракетаси Владимир Путиннинг БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг юзига тупуриш, деб баҳолади.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 41
Рейтинг: 3
t
×