Украина дони ортилган биринчи кема Истанбулга етиб келди 

Олам 5563
image

Кеча, 2 август куни кечқурун Украина донини экспорт қилувчи биринчи “Рацони” юк кемаси Истанбулга етиб келди ва лангар ташлади. У Одесса портидан йўлга чиққанди. Бу ҳақда “Euronews” Туркия мудофаа вазирлигига таяниб, дея хабар бермоқда.

Қайд этилишича, кема бугун, 3 август куни Қўшма мувофиқлаштириш марказига аъзо бўлган Туркия, Россия, Украина ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакиллари томонидан кўздан кечирилади. Улар экипажнинг ҳужжатларини ва юкни, кемани текширади ҳамда  якуний баённомани имзолайди.

Шундан сўнг, “Рацони” Босфордан ўтиб, Триполи (Ливан) портига йўл олади. Кема у ерга Украинадан 26 минг тонна маккажўхори олиб кетмоқда. Ундан кейин 600 минг тоннага яқин дон ва нефть олиб кетувчи яна ўн бешта кема Украинанинг учта портини тарк этиши керак.

Оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, уруш туфайли Украина ҳалигача 20 миллион тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қила олмаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Россия Миллий Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Украина Инфратузилма вазири Александр Кубраков иштирокида “Дон йўлаги” ҳужжати имзоланди. Украинадан ғалла экспорти бўйича келишув Одесса, шунингдек, Черноморск ва Южнийдан хавфсиз йўлакларни яратишни назарда тутади. Ушбу келишув жаҳон бозорларига камида 25 миллион тонна дон етказиб бериш имконини беради.

Украина Қуролли Кучларининг “Жануб” оператив қўмондонлиги Истанбулда шартнома тузилганига 24 соат тўлмасдан, 23 июль куни эрталаб Россия ҳарбийлари Одесса денгиз савдо портига “Калибр” ракеталари билан ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берди.

Украина ТИВ  ҳужумга муносабат билдириб, Россия ракетаси Владимир Путиннинг БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг юзига тупуриш, деб баҳолади.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 89
Рейтинг: 3.1
t
×