Зеленский Гончарук истеъфосини қабул қилмади

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский Бош вазир Алексей Гончарук билан учрашувда можароли аудиоёзувлар билан боғлиқ юзага келган вазиятга муносабат билдирди ва Гончарукнинг истеъфосини тасдиқламади.

“Мен сиздан истеъфога чиқиш ҳақида ариза олдим. Охирги можароли вазият сабабли мен сизга ва ҳукуматингизга, агар сиз жамоатчиликни ташвишлантираётган баъзи нарсаларни ҳал қила олсангиз, яна имконият беришга қарор қилдим”, деб айтган Зеленский учрашувда.

Украина Президенти Бош вазирга қўяётган вазифалар орасида вазирликлар ва давлат компанияларида меҳнатга ҳақ тўлашнинг янги концепциясини ишлаб чиқиш бор. 

Зеленский ҳукумат аъзоларини нопрофессионал ва ноҳалол деб ҳисобламаслигини, бироқ Гончарук билан бирга “ҳукуматни кучайтирмоқчи эканликларини” айтган.

“Мен сиз бу ҳукуматни қандай танлаганингиз, сиз ва улар билан гаплашганимиз эсимда. Шу сабабли сиздан ҳукуматдаги заиф жойларни топишни ва у ёки бу раҳбарни унинг малакаси ҳақидаги маълумотларга таяниб алмаштиришни сўрайман”, деб таъкидлаб ўтган Украина етакчиси. 

Аввалроқ, Украина Бош вазири Алексей Гончарук истеъфога чиқмоқчи экани ҳақида хабар берган эдик. Бунга YouTube’да тарқалган ва Гончарукнинг ҳукумат аъзолари билан учрашувидан ёзиб олинганлиги таъкидланган аудиоёзув сабаб бўлганди. Унда гўёки Гончарук Зеленскийни “жуда оддий фикрловчи, иқтисодий соҳада ҳеч нарсани тушунмайдиган инсон” деб атаган.

Шу можаро сабабли Гончарук 17 январда истеъфога чиқишга ариза ёзган. Зеленский ҳуқуқ-тартибот идораларига аудиоёзувни ким тайёрлагани ва интернетга жойлаганини аниқлаш учун икки ҳафта муҳлат берди.

Гончарук Украина ҳукуматига 2019 йил 29 августдан раҳбарлик қилади. Бунгача у Президент офиси раҳбари ўринбосари бўлиб ишлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Зеленский Алексей Гончарук

Баҳолаганлар

31

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг