Зеленский Эрдўғандан Путинни кўндиришни сўрагани маълум бўлди

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский кеча, 28 сентябрь куни Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан бўлиб ўтган телефон орқали суҳбатда, ундан референдум ўтказилган ҳудудлар борасида Киевни қўллаб-қувватлашини ва Путинни кўндиришини сўраган. Бу ҳақда Эрдўған кеча CNN Turk телеканалига бергвн интервьюсида сўз очди. 

Зеленскийнинг ундан илтимосига тўхталаркан, Эрдўған, Путинни айнан нимага кўндириши кераклигига аниқлик киритмаган. 

“Зеленский ҳам ушбу 4 та ҳудуд (Донбасс республикалари, Херсон ва Запорожье вилоятлари – таҳр.)ни қўллаб-қувватлашимизни хоҳлайди. Бошқача қилиб айтганда, бу масалада жаноб Путин билан учрашиб, уни кўндиришимизни хоҳлаяпти. Энди эртага кўрамиз, дўстлар алоқа ўрнатадилар, умид қиламанки,  жаноб Путин билан бу масалаларни батафсил муҳокама қиламиз”, деган Эрдўған. 

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 29 сентябрь куни Туркия ва Россия Президентлари Эрдўған ва Путин ўртасида телефон суҳбати бўлиб ўтади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида иштирок этиб, Анқарага қайтишда журналистлар билан мулоқот қилган Эрдўған, Россия-Украина можаросини дипломатик йўл билан ҳал қилишда воситачиликка тайёрлигини ва қайтгач, Путин ҳамда Зеленскийга қўнғироқ қилмоқчилигини айтган эди. 

Бу орада ўзини Донецк ва Луганск халқ республикалари деб танитаётган бўлгинчилар ва Запорожье ҳамда Херсон вилоятларида Россия Федерацияси таркибига кириш бўйича референдум ўтказилди. Дунё мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар тан олмаётган ушбу референдумда кўп сонли овоз билан минтақалар аҳолиси Россия ҳудудига киришни ёқлагани айтилмоқда. Эрдўған бу ҳақда гапираркан, 4 ҳудудда ўтказилган референдум можарони дипломатик йўллар билан ҳал қилиш имкониятларига болта урганини айтади. У бу ҳақда гапириб, энг аввало Путин билан мулоқотидан умидсиз эмаслигини урғулайди. 

“Мен умидсиз эмасман, лекин дарҳол натижага эришамиз, десак бу туш бўлади. Масалан, ҳозирда 4 та шаҳарда референдум бўлиб ўтди. Хўш, бу референдум ҳодисаси нима олиб келади? Муаммо келтиради. Яъни, шундай референдум ўтказилмаса эди, буларнинг барчасини дипломатия йўли билан ҳал қилсак ҳам бўлар эди, афсуски, бундай бўлмади. 

Биласиз, 2014 йилда Қримда ҳам худди шундай ҳолат юз берган эди. Қрим масаласида муваффақиятга эриша олмадик, шунинг учун жаноб Путинга яна бир бор “Бу ерда бизнинг қариндошларимиз бор, шунинг учун Қрим бўйича ташлаган қадамингиз тўғри эмас”, деб айтдим. Лекин ҳеч қандай натижага эриша олмадик”, дейди Эрдўған. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Владимир Зеленский Россия-Украина уруши Украинага босқин Владимир путин

Баҳолаганлар

706

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг