Зеленский “Демократия саммитида” иштирок этиши кутилмоқда

Олам

image

АҚШ маъмурияти Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг жорий йилнинг 29-30 март кунлари бўлиб ўтадиган иккинчи “Демократия саммити”да иштирок этишини кутмоқда. Бу ҳақда кеча, 22 март куни Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича катта директори Роберт Берчински хорижий матбуот учун ўтказилган брифингда маълум қилди.

“Украина ва Президент Зеленскийнинг иштирокига келсак, мен сизларга – Украина ҳукуматига Президент Зеленскийнинг иштирокини тасдиқлаш учун мурожаат қилмоқчиман. Биз у ҳам ўнлаб хорижий етакчилар каби саммитда иштирок этишини кутмоқдамиз”, деган Берчински. 

Оқ уй вакили Зеленский саммитда қайси форматда қатнашишига аниқлик киритмаган бўлсада, 28 март куни саммит бошланишидан олдин АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Украинадаги можарони муҳокама қилишини очиқлаган.

Роберт Берчинскининг айтишича, учрашувга Грузия Президенти Саломе Зурабишвили ҳам таклиф этилган. Иштирокчилар қаторига Босния ва Герцеговина, Гамбия, Гондурас, Кот-д’Ивуар, Лихтенштейн, Мавритания, Мозамбик ва Танзания вакиллари ҳам қўшилган. Шунингдек, биринчи “Демократия саммити”даги каби Тайван ҳам қатнашчилар рўйхатида мавжуд. Бироқ Хитой, Россия, Туркия, Миср ва бошқа давлатлар саммитда иштирок этмайди.

“Демократия саммити”га таклифнома олиш АҚШ ҳукумати маълум бир мамлакатда давлат бошқаруви мақоми ҳақида ҳукм чиқаришини англатмайди. Таклиф у ёки бу мамлакатда демократиянинг барча жабҳалари мукаммал эканлигини кўрсатмайди, бироқ бу Қўшма Штатлар демократик ҳукуматни такомиллаштириш устида иш олиб бораётган ўз ҳамкорлари олдида мажбурият олганини, биз улар билан ишлашни хоҳлаётганимизни ифода этади”, дейди Оқ уй вакили.  

Бу галги саммитга АҚШ билан бирга Замбия, Коста-Рика, Нидерландия ва Корея Республикаси мезбонлик қилади. 29 март куни Президент Байден Замбия, Коста-Рика, Нидерландия ва Корея Республикаси раҳбарлари билан видеоконференция орқали бир қатор ялпи мажлислар ўтказади. 30 мартда эса ушбу беш давлатнинг ҳар бири пойтахтларида бошқа давлатларнинг ноҳукумат ташкилотлари вакиллари билан вазирлар даражасида юзма-юз учрашувлар ўтказади. Вашингтон маъмурияти саммит чоғида эркин ва мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, коррупцияга қарши кураш, демократик ислоҳотчилар ва инсон ҳуқуқлари фаолларини қўллаб-қувватлаш, эркин ва адолатли сайловларни ҳимоя қилиш ҳамда технологиянинг демократик жамиятлар манфаати учун ишлашини таъминлашга қаратилган дастурлар учун қўшимча маблағ ажратилишини эълон қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Зеленский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг