Зеленский декабргача Украинада тинчликка эришиш режасини тайёрламоқчи
Олам
−
27 Июль
53912024 йил ноябрь ойи охиригача Украина Президенти Владимир Зеленский тинчликка эришиш бўйича ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда у NHK телевидениесига берган интервьюсида маълум қилди.
“Мен ўз маъмуриятим ва дипломатик жамоамиз олдига тегишли вазифани қўйдим, ўйлайманки, режа ноябрь ойи охирига қадар тайёр бўлади”, дейди Зеленский.
У Украина армиясининг кучайиши, биринчи навбатда Қўшма Штатлар томонидан қўллаб-қувватланиши ва Россияга халқаро дипломатик босим “урушни адолатли якунига етаклайдиган учта компонент” эканига ишонч билдирган.
Украина Президенти можарони музлатиш бўйича норасмий таклифлар олганини, бироқ уларни қабул қила олмаслигини таъкидлади. Шунингдек, у ҳаракатлар режасининг асосини Украинанинг ҳудудий яхлитлиги масаласи ташкил этишини ва бу мавзу манфаатдор давлатлар билан моҳиятан муҳокама қилинишини қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский 2024 йилнинг охиригача урушнинг қийин даври якунланиши мумкинлигини маълум қилганди.
Азизбек Эшмаматов
LiveБарчаси