Зеленский Бразилия Президентининг нафи тегмаётганидан “ўпкалади”
Олам
−
28 Июль 2023
6240Украина Президенти Владимир Зеленский бразилиялик мавқедоши Луис Инасиу Лула да Силва томонидан Киев учун “аниқ” ёрдам кўрсатилмаганидан шикоят қилди. Бу ҳақда кеча, 27 июль куни “Globo” газетаси хабар берди.
"Менга аниқ нарсалар керак. Биринчидан, у Лотин Америкаси раҳбарларини йиғиб, бизга учрашиб гаплашиш имкониятини бериши керак. Бу сиёсий ёрдам", деган Зеленский.
Украина раҳбарининг сўзларига кўра, у учун Лотин Америкаси минтақаси давлатларининг қўллови жуда муҳим. Хусусан, у тегишли таклифномани олган тақдирда Бразилияга боришни истайди.
Бошқа нарсалар қаторида, Киев Бразилиядан келадиган жиддий гуманитар ёрдам, жумладан, миналардан тозалаш воситаларига умид қилмоқда.
Шу билан бирга, Зеленский Бразилиянинг амалдаги маъмуриятидан Украинага ҳарбий ёрдам олишга уринишлар муваффақиятсизликка учрашини тан олган.
"Менинг Луладан қурол сўраш ниятим йўқ. Нега? Биламан, у барибир бермайди", дея хулоса қилган Украина раҳбари.
Бунга қарамасдан, Зеленскийнинг фикрича, Бразилия ғалла бўйича келишувнинг тикланишига ҳисса қўшиши мумкин.
Қайд этиш жоизки, жорий йилнинг май ойи бошида Украина ва Бразилия етакчилари Япониянинг Хиросима шаҳридаги G7 саммитида иштирок этган, бироқ улар икки томонлама учрашув ўтказмаган. Лула да Силванинг сўзларига кўра, Зеленский “кўринмаган”. Жанубий Американинг энг йирик республикаси раҳбари Зеленскийнинг G7 кенгайтирилган йиғилишидаги нутқи унинг Шарқий Европадаги вазият бўйича позициясини ўзгартирмаганини айтган.
Маълумот учун, Лула да Силва 2023 йилнинг январида ҳокимиятга келганидан бери Россия бутун дунёда узоқ муддатли тинчлик кафолати эканини таъкидлаб келади. У аллақачон Москва ва Киев ўртасида мулоқотга имконият яратиш учун янги халқаро форматни ишлаб чиқиш ташаббусини ўз қўлига олган. Бразилия Президенти агар керак бўлса, Россия ва Украина раҳбарлари ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар олиб боришда воситачи бўлишга тайёр эканини маълум қилди. Ўз навбатида, Киев Бразилияни Зеленскийнинг “тинчлик формуласи” бўйича ҳамкорлик қилишга таклиф қилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Испания Бош вазири Педро Санчес Украина Президенти Владимир Зеленскийни ҳамкорлари билан маслаҳатлашмаган ҳолда Европа Иттифоқи – Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси давлатлари ҳамжамиятининг (CELAC) саммитида иштирок этишга таклиф қилганди. Бунга Лотин Америкаси мамлакатлари етакчилари қарши чиқди. Натижада Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель Зеленскийни жорий йилнинг 17-18 июль кунлари Брюсселда бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи – CELAC саммитига таклиф қилмаслик яхшироқ деган хулосага келди. Саммитдан сўнг Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силва дунё Украина можаросидан чарчаганини айтди.